Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ ЯНГИ ДАВРИ
Мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотларда инсон қадрини оширишга асосий эътибор қаратилмоқда. “Инсон – жамият – давлат” парадигмаси асосида давлат халқнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш ва ҳеч кимни муаммоси билан ёлғиз қолдирмаслик таъминланмоқда.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Ҳаёт олдимизга яна қанча синов ва муаммоларни қўйиши мумкин ва биз ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимиз зарур. Лекин қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Олдинга, фақат олдинга қараб борамиз. Ва биз бунга ҳар томонлама қодирмиз. Чунки бугунги халқимиз – кечаги халқ эмас. Бугунги Ўзбекистон ҳам – кечаги Ўзбекистон эмас”, деб ислоҳотлар ортга қайтмас тус олганини таъкидлаганди. 

Дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган бугунги шароитда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш жаҳон ҳамжамиятининг эътибори марказида бўлмоқда.  
 

Парламент ва ҳукумат фаолиятида янгича ишлаш, халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий саодат 

Шу кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараёнлар кечмоқда. Бу йилги парламент сайлови янги таҳрирдаги Конституциямизга мувофиқ ўтказилган илк сайлов сифатида тарихга кирди. Мазкур сиёсий жараён сиёсий партиялар ўртасида ўзаро рақобатни янада кучайишига хизмат қилган аралаш сайлов тизимида биринчи марта ўтди.  

Давлатимиз раҳбарининг яқинда бўлиб ўтган сайловлар натижаси бўйича шаклланган янги Парламентдаги нутқларини диққат билан эшитдик. Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси илк мажлисларида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, келгуси 5 йилда халқ вакиллигининг олий органларида амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалар, қолаверса барча бўғиндаги ижро органлари, аввало, ҳукумат ва унинг раҳбари олдидаги аниқ натижаларга эришишга қаратилган энг муҳим йўналишларни белгилаб берди.  

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг маърузасида бутун дунёда геосиёсий можаролар ва тарафкашлик кучайган ғоят таҳликали шароитда жонажон Ватанимизда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даврини бошлаш учун талаб этаётган муҳим янги ғоя ва ташаббуслар, чуқур фалсафий мушоҳадалар илгари сурилди. Яна бир аҳамиятли жиҳат бу маърузалар давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга навбатдаги Мурожаатномаси бўлди. 

Келгуси йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили деб эълон қилиш таклифи халқимизнинг дилидаги гап бўлди дейиш мумкин.   

– Бугун халқимиз билан юртимиз тараққиётидаги бутунлай янги даврга қадам қўймоқдамиз. Ишончим комил, бу – Янги Ўзбекистонимиз жадал ривожланадиган, янада юксак тараққиёт чўққиларини забт этадиган давр бўлади. Бу давр парламент ва ҳукумат фаолиятида янгича ишлаш, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш бўйича ибратли анъаналар шаклланадиган ва тарихга муҳрланадиган давр бўлади, – деди Президент.  

Давлатимиз раҳбари табиатни асраш – инсонни асраш деган фикрни билдирганида ҳам чуқур маъно мужассам. Боиси, табиат ва инсонни бир биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунги кунда Она-табиатни асрамасдан инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, жумладан яшаш, ўз шахсини эркин камол топтириш, соғлиқни сақлаш ҳуқуқлари ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлаб бўлмаслиги  фикримизнинг яққол исботидир.  

Мурожаатномада Парламент назорати – бу аввало «халқ назорати, халқ сўрови» экани давлатимиз раҳбари томонидан таъкидлангани ҳам бежиз эмас. Ушбу механизм фуқароларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг муҳим усулларидан биридир. Парламент назорати демократик давлатда муҳим роль ўйнайди. Бу нафақат мансабдор шахслар масъулияти ва жавобгарлигини кучайтирадиган ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, балки жамиятнинг давлат институтларига бўлган ишончини оширадиган механизмдир. Ушбу назорат самарали ва мустақил бўлиши, шунингдек, жамоатчилик талаблари ва муаммолари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ривожланиши муҳимдир.

Давлат раҳбарининг парламент назоратининг “халқ назорати” сифатидаги аҳамиятини таъкидлаши мамлакатимизнинг қонун устуворлиги асосидаги демократия, очиқлик ва адолат тамойилларига содиқлигининг ифодасидир. 

Инсон – ҳаёт гултожи 

Инсон ҳуқуқлари ҳақиқатан ҳам инсониятнинг энг муҳим ва қимматли ютуқларидан биридир. Зотан шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатлар ҳар доим мураккаб бўлган. Абу Наср Форобий, Алишер Навоий, Жон Локк, Монтескье ва бошқа кўплаб мутафаккирлар инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид турли ёндашувларни таклиф қилган. 

Олимлар инсон ҳуқуқларининг моҳиятини, биринчидан, инсон қадри, иккинчидан, тенглик ташкил этади, дея таъкидлайди. Хусусан, Алишер Навоий беш аср аввал инсон қадр-қиммати ҳақида дунёнинг бино бўлмоғидан асл муддао инсон экани ҳақида қуйидагича ёзади:  

Ганжинг аро нақд фаровон эди, 
Лек боридин ғараз инсон эди. 

Давлатчилик марказида инсон ва унинг манфаатлари туради. Асосий қонун инсон омилидан куч олади ва тирик организм каби халқ ҳаётининг ажралмас бўлагига айланади. 

Башариятнинг буюк адибларидан бири Уильям Шекспир “Қонунлар мазмуни инсонни қадрлашдир”, дея инсон ҳуқуқларининг аҳамиятини кўрсатиб беради. Дарҳақиқат, 1948 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қабул қилиниши муҳим тарихий воқеа бўлди. Чунки бу ҳодиса инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро нормалар ва стандартларнинг шаклланишига пойдевор бўлди. 

Мутафаккирлар инсониятнинг узоқ тарихи давомида одамларга ўз фикрларини эркин билдириш, муҳим қарор қабул қилишда иштирок этиш ва манфаатларини ҳимоя қилиш имконини беришга қаратилган демократик институтлар ҳақида муҳим ғояларни илгари сурди. Аммо демократиянинг ўзи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолатламайди — уларни ҳимоя қилиш ва таъминлашга қодир кучли институтлар ва механизмлар мавжуд бўлиши керак. Ана шундай демократик институтлардан бири инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмандир. 

Ушбу институт дунёда омбудсман, парламентнинг ваколатли аъзоси, фуқаролик ҳуқуқлари бўйича комиссар, халқ адвокати, фуқаролик ҳимоячиси, воситачи каби турлича номланиши мумкин, лекин унинг моҳияти ва табиати бир-бирига яқин. 

Мамлакатимиздаги инсонпарвар сиёсат туфайли Омбудсман институти инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилувчи мустақил орган сифатида ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйди. 

Янги таҳрирдаги Конституция – инсон ҳуқуқлари бўйича янги давр ҳужжати 

Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқларига оид нормалар сони 3,5 баробар оширилди ҳамда бу нормалар бош қонунимизнинг қарийб 50 фоиздан ортиғини ташкил қилди. Жумладан, инсон ҳуқуқи ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмлари, хусусан, қонунлардаги ноаниқликларнинг инсон фойдасига ҳал бўлиши, “сукут сақлаш” ҳуқуқининг биринчи маротаба белгиланиши, адвокатлар мақоми терговчи ва прокурор мақомига тенглаштирилиши каби янги конституциявий қоидалар белгиланди. Мазкур ўзгаришлар эса, ўз навбатида, давлатнинг инсон ҳуқуқларига содиқлигини ва бу борадаги мажбуриятларини намоён этади. 

Шунингдек, Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланиши, инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги каби муҳим принцип ва қоидалар инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини кучайтирди. 

Бош қонунимизнинг 98-моддасига асосан сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаро Олий Мажлис Сенати, Марказий сайлов комиссияси билан бир қаторда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳам қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли экани мустаҳкамланди. Бу Омбудсман институтига нафақат муҳим конституциявий ваколат, балки улкан масъулият ва жавобгарлик ҳам юклайди.

Омбудсман институтига берилган муҳим конституциявий кафолатлар унинг инсон ҳуқуқларига оид янги конституциявий нормаларни сўзсиз ва қатъий риоя этилишини таъминлашдаги фаоллигини ошириш ҳамда инсон ҳуқуқларига оид тизимли муаммоларни парламентда баралла айта оладиган чинакам халқ овозига айланишига хизмат қилади. 

Омбудсман кафолатларини мустаҳкамлаш – халқимиз ва замон талаби 

Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий кафолатларини кучайтириш, амалдаги механизмларни такомиллаштиришга қаратилган комплекс чоралар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – омбудсманга ҳам катта масъулият юкламоқда. 

Омбудсман институти парламент назорати институти сифатида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга масъул сифатида шаффоф ва масъулиятли фаолияти орқали зарур мувозанатни таъминлаши лозим. 

Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳага оид тизимли муаммоларни аниқлаш, ҳуқуқ бузилишларининг олдини олишга доир комплекс чоралар кўриш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, соҳага оид қонунчилик ва амалиётни такомиллаштириш бўйича таклифлар бериш янги конституциявий ҳуқуқий ландшафтнинг муҳим таркибий қисмидир. 

Шу маънода, Омбудсман институти инсон ҳуқуқлари соҳасида давлатнинг фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро субъектлар билан мулоқоти ва ҳамкорлигини таъминловчи муҳим кўприк десак муболаға бўлмайди. 

Ўзбекистон Президенти Конституциямиз қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан байрам табригида конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга тўхталиб, жумладан, бундай деганди:“Конституциямизда қатъий белгилаб қўйилганидек, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз бўлиб, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зид келадиган ҳар қандай ҳаракатларга қарши курашиш, ҳеч шубҳасиз, энг долзарб вазифаларимиздан биридир. Ушбу йўналишда асосий эътиборимиз бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган самарали ҳуқуқий механизмларни жорий этишга, шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Болалар омбудсмани ва бошқа инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилади”. 

Бундан ташқари, парламент ва тегишли институтларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ролини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда 2021 йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. 

2022 йил 1 январдан омбудсманнинг жойларда доимий асосда фаолият юритувчи ҳудудий 14 вакили лавозими жорий қилинди. Мазкур янгилик омбудсманнинг жойларда инсон ҳуқуқларини таъминлашга доир фаолиятини янги босқичга олиб чиқди. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида омбудсман фаолиятини такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. 

Давлатимиз раҳбари жорий йил 15 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонунни имзолади. Унга кўра, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мансабдор шахс бўлиб, давлат органлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлайди. 

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш кафолати кучайтирилмоқда 

Мазкур қонунда омбудсманга ўз вазифаларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолат ҳамда ҳуқуқлар берилди.

Қонунга кўра, омбудсман фуқароларнинг, мамлакат ҳудудида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, юридик шахсларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ҳамда текширув ўтказиш ҳуқуқига эга. 

Бунда омбудсман мурожаат этувчига унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилгани тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан ёки бошқа воситалардан фойдаланган ҳамда қабул қилинган қарорлардан қаноатланмаган бўлса, унинг шикояти бўйича охирги қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан бир йил ичида берилган шикоятларни кўриб чиқади. 

Омбудсманнинг йиллик маърузасидан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг айрим йўналишлари бўйича ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланди. 

Энг муҳим жиҳатлардан бири қонун билан омбудсманга қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи берилиши аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда аниқланган муаммоларга тезкор жавоб қайтаришга имкон беради ҳамда адолатли ва самарали қонунлар қабул қилинишига ҳисса қўшади. 

Омбудсманнинг махсус маърузаси инсоннинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклаш бўйича хулоса ёки таклифлардан иборат бўлади. Омбудсман инсон ҳуқуқлари бузилишига оид мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш асносида жамиятнинг “сигнали”ни давлат раҳбари, халқ вакиллари ва ҳукуматга билдириб туради. Бу эса, ўз навбатида, оқибат билан курашиш эмас, балки инсон ҳуқуқларига оид қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тизимли чоралар кўрилишига хизмат қилади. 

Бундан ташқари, омбудсманнинг доимий асосда ишловчи ҳудудий вакилларининг ҳуқуқий мақоми қонунда ўз ифоласини топмоқда. Шу билан бирга, омбудсман томонидан давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига аниқланган қонун бузилишлари бўйича уларни содир этишга имкон яратган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиш ҳуқуқи мустаҳкамланди. 

Жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудида “Омбудсман қутиси”ни сақлашнинг ҳуқуқий механизмлари, унда эркинликдан маҳрум этилган шахслар томонидан мурожаатларни жойлаштириш тартиби, қийноқларнинг олдини олиш бўйича фаолиятга кўмаклашиш учун жамоатчилик асосида амал қиладиган жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилиши белгиланди. Бу ўз ўрнида омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олишга оид фаолияти ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлайди ҳамда унинг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги қонун билан мустаҳкамланишига хизмат қилади. 

Яна бир муҳим жиҳат шуки, давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ йиғилишлари, жумладан, Олий суд пленуми мажлисларида омбудсманнинг иштирок этиш ҳуқуқи кафолатланди. 

Шу билан бирга, мазкур қонунга мувофиқлаштиришни назарда тутиб, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига, хусусан, 2 та кодекс ва 5 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. 

Мазкур қонунни тайёрлашда 30 дан ортиқ давлат, хусусан, Финляндия, Польша, Болгария, Венгрия, Сербия, Греция, Испания, Россия, Озарбайжон, Арманистон, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатларнинг шу соҳадаги қонунчилиги атрофлича ўрганилди. 

Инсон ҳуқуқларига оид парламент дипломатияси янада ривожланади 

Мамлакатимиздаги очиқ ва прагматик ташқи сиёсат омбудсман фаолиятида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Хорижий мамлакатлар омбудсманлари ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро муносабатларни ривожлантириш омбудсман фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир.

Хусусан, Париж тамойилларига мувофиқ Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти 2020 йилда Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасалари глобал альянсида “Б” мақомини олган эди. Бугун “А” мақомини олиш бўйича Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. 

Айни пайтда бутун дунёдаги таҳликали даврда “Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият” принципини сўзсиз таъминлаш ҳар бир давлатнинг асосий мақсадидир. Шу маънода, янги таҳрирдаги қонуннинг қабул қилиниши Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг мустақил миллий институт сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлаб, Омбудсман фаолиятининг институционал асослари такомиллаштирилишига, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатлари кенгайишига ҳамда омбудсманнинг парламент назорати институти сифатида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаоллигини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. 

Бекзод НАРИМОНОВ, 
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари 
бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари, 
юридик фанлар доктори