Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Москвадаги Xалқаро омбудсманлар форумида ёшлар ва болаларни рақамли муҳитда ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси тақдим этилди
2026 йил 16 ноябрь куни Москва шаҳрида Халқаро омбудсманлар форуми ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари ҳам иштирок этмоқда.

Мазкур форум илк бор янги форматда ташкил этилиб, Евроосиё омбудсманлар альянси йиғилиши, халқаро илмий-амалий конференция ҳамда Ёшлар форумини бирлаштирмоқда.

Халқаро тадбирда дунёнинг 70 та мамлакатидан 450 нафардан ортиқ иштирокчи, жумладан, миллий инсон ҳуқуқлари институтлари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда ёш ҳуқуқ ҳимоячилари қатнашмоқда.

Форумнинг биринчи куни Евроосиё омбудсманлар альянси фаолиятига бағишланиб, унинг таркибини кенгайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни интернет тармоғидаги зарарли ахборот таъсиридан ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида Ўзбекистон Омбудсмани ўринбосари ёшлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз рақамли муҳитни шакллантириш ҳамда интернетдаги зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистон тажрибаси билан ўртоқлашди.

Шунингдек, рақамли маконда инсон ҳуқуқларини таъминлашда ҳуқуқий кафолатларни такомиллаштириш, аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш ва ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Форум доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари юзасидан тажриба алмашиш ва омбудсман институтлари ўртасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш назарда тутилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати