2026 йил 15 январдаги ЎРҚ–1114-сонли Қонунида маҳкумларнинг китоб ўқиганлик учун жазо муддатини қисқартириш, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12 июндаги “Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 307-сонли Қарорида маҳкумларнинг белгиланган адабиётларни ўқиганлигини тасдиқлаш ва бу борада комиссиялар фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланган.
Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри ва Зафаробод туманида жойлашган 29 ва 30-сонли манзил-колонияларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни ахлоқан тузатиш ҳамда уларда маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантириш мақсадида “Китоб – маънавий озодлик сари йўл” мавзусида белгиланган адабиётларни махсус тасдиқланган рўйхатдаги китобларни ўқиганлик фактини тасдиқлашга қаратилган тест синовлари ўтказилди.
Омбудсманнинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили Ў.Жўраев, муассасалар ходимлари ва жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия томонидан ўтказилган тест синовларида 23 нафар маҳкум иштирок этди.
Синовлар шаффоф тарзда, электрон шаклда ташкил этилиб, унда маҳкумларнинг китоб мазмунини билиши билан бирга, ҳаётий сабоқлар, эзгулик, ҳалоллик, инсонийлик ва масъулият каби тушунчаларни қай даражада англаганлиги ҳам аниқланди.
Мазкур амалиётнинг муҳим жиҳати шундаки, маҳкумнинг ҳар бир ўқилган китоби учун жазо муддатини 3 кунга, бироқ, бир йилда кўпи билан ўттиз кунгача қисқартирилиши мумкинлиги имконияти мавжуд.






