Учрашувда мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганлиги ва бу борада амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар эътироф этилди.
Шунингдек, мулоқотда Омбудсман институтининг Париж принципларига мувофиқ «А» мақомини олишига қаратилган ишлар ва халқаро аккредитацияга тайёргарликнинг кейинги босқичлари муҳокама қилинди. Унда Омбудсман институтининг мустақиллиги ва институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларининг таъсирчанлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.
Эннио Боати Омбудсман фаолиятидаги асосий натижаларни ижобий баҳолаб, хусусан, Омбудсманнинг таъсир чоралари ижроси, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш амалиёти, «Инклюзив Омбудсман» лойиҳаси ҳамда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифларига эътибор қаратди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси вакиллари «А» мақомини олишга тайёргарлик доирасида кейинги қадамлар ҳамда халқаро аккредитация жараёнида инобатга олиниши лозим бўлган масалалар юзасидан эксперт тавсияларини билдирдилар.
Шунингдек, мазкур жараёнда Омбудсман институтининг салоҳиятини ошириш, эксперт ва услубий кўмакни давом эттириш, ходимлар малакасини ошириш ҳамда халқаро тажрибани ўрганиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






