Унда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати, аввало, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ишончли ҳимоя қилиш, бундай қилмишларнинг олдини олиш, уларга нисбатан самарали ҳуқуқий таъсир чораларини белгилаш ҳамда болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтириш билан боғлиқ.
Қонун лойиҳаси фракциялар йиғилишлари ва ялпи мажлисда қизғин муҳокама қилиниб, биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди. Мазкур жараёнда Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳам иштирок этиб, қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирди. Мутахассислар ҳамда жамоатчилик вакилларининг таклифларини ўрганиш орқали лойиҳани янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ўринбосари Б. Нариманов ҳам иштирок этиб, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда бундай ҳолатларга тезкор ва самарали ҳуқуқий таъсир чораларини кучайтиришга қаратилган таклифларини билдирди.
Бу борада Омбудсман институти томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ва амалий ташаббуслар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, “Тенглик ва ҳурмат” лойиҳаси хотин-қизларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда зўравонлик содир этган ёки унга мойил шахслар билан индивидуал ишлашга қаратилган. “Омбудсман соати” лойиҳаси эса мактабларда инсон ҳуқуқлари бўйича билимларни ўқувчиларга “бола тилидан” содда, тизимли ва амалий тарзда етказиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаш ҳамда жамиятда ўзаро ҳурмат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






