Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман бошчилигида Жиззах вилоятидаги қатор ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди
2026 йилнинг 13 август куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Омбудсман ҳузуридаги қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳи аъзолари томонидан Жиззах вилоятидаги қатор ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июндаги қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қарорига мувофиқ, Омбудсман ҳузурида жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, улар билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мунтазам мониторинг ташрифларини амалга ошириш белгиланган.

Мониторинг доирасида 29-сон манзил-колонияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Жиззах вилояти ҳудудий маркази, Дўстлик, Пахтакор туманлари вақтинча сақлаш ҳибсхоналаридаги шароитлар ўрганилди.

Мониторинг ташрифлари давомида муассасаларда сақланаётган ва истиқомат қилаётган шахсларнинг ётоқ жойлари, овқатланиши, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари, санитария-гигиена ҳолати ўрганилди.

Шу билан бирга, шахслар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари қабул қилинди. Муассасалардаги “Омбудсман қутилари”да қолдирилган мурожаатлар ҳам олиб кетилди.

29-сон манзил-колониясида маҳкумларни меҳнатга жалб этиш ва касб-ҳунарга ўргатиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Муассасада АКФА ромлари тайёрлаш, нонвойчилик, ротанг тўқиш, тикувчилик, мебель ишлаб чиқариш, пайпоқ тўқиш ва металлга ишлов бериш йўналишларида ишлаб чиқариш цехлари фаолият юритаётган бўлиб, уларда маҳкумлар меҳнатга жалб қилинган.

Шунингдек, маҳкумлар 10 га яқин касб-ҳунар йўналиши, жумладан, электромонтёрлик, пайвандчилик, дурадгорлик, сантехниклик, чилангарлик ва тикувчилик каби  касбларга ўргатилаётгани маълум бўлди.

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Жиззах вилояти ҳудудий марказида сайёр қабул ташкил этилиб, зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг мурожаатлари қабул қилинди. Кўтарилган масалаларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиш ва ҳал этиш бўйича зарур чоралар белгилаб олинди.

Маълумот учун: 2026 йилнинг биринчи ярмида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 521 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврида 491 тани, 2024 йилнинг биринчи ярмида эса 452 тани ташкил этган.

Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тақдимнома, талабнома ва хулоса шаклидаги жами 23 та таъсир чораси киритилган.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якунлари асосида тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан, мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар Олий Мажлис палаталарига тақдим этилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати