Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Намангандаги ёпиқ муассасаларга мониторинг: шароитлар, мурожаатлар ва амалий натижалар
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) Наманган вилоятидаги минтақавий вакили ва жамоатчилик гуруҳлари томонидан Наманган вилоятидаги 6-сон тергов ҳибсхонаси ва 6-сон Жазони ижро этиш колонияси (ЖИЭК), вилоят ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси (ВСҲ) ҳамда Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона (Махсус қабулхона), шунингдек Норин туманидаги мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пункти (Ҳушёрхона)га мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг ташрифларида қайд этилган муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари билан таъминланганлиги ҳамда сақлаш шароитлари, кутубхона, маданий дам олиш, телефон орқали сўзлашув, узоқ ва қисқа муддатли учрашув ҳамда тинтув, тергов ва адвокатлар хоналари, шунингдек, сайилгоҳдаги шарт-шароитлар, муассасалар ҳудудида ўрнатилган видеокузатув камераларининг ҳолати кўздан кечирилди.

6-сон тергов ҳибсхонасида мониторинг куни 548 нафар шахс, жумладан, 11 нафар вояга етмаган шахс сақланаётгани маълум бўлди. Муассасанинг янги биноси фойдаланишга топширилгани сабабли сақлаш сиғими билан боғлиқ масала бартараф этилган.

Муассасада парҳез таомларига эҳтиёжи бўлган 11 нафар шахс учун алоҳида овқат тайёрланиши, вояга етмаганларга ҳафтасига икки марта инглиз тили ва умумтаълим фанлари ўқитилиши маълум бўлди.

6-сон ЖИЭКда меҳнатга лаёқатли маҳкумларнинг қарийб 90 фоизи 21 та йўналишда меҳнатга жалб этилгани маълум бўлди. Шунингдек, 19 та йўналиш бўйича касбга ўқитиш курслари ҳамда рус, инглиз ва корейс тилларини ўргатиш машғулотлари ташкил этилган.

Вилоят ИИБ ВСҲда ўрнатилган 98 та видеокузатув камераси ишчи ҳолатда экани, тиббиёт ходими доимий фаолият юритаётгани, суд мажлисларини масофадан ўтказиш имконини берувчи хоналар мавжудлиги қайд этилди.

Бироқ, вилоят ИИБ Махсус қабулхонаси 75 ўринга мўлжалланган бўлса-да, мониторинг куни у ерда белгиланганидан ортиқ шахс сақланаётгани маълум бўлди.

Шунингдек, Норин тумани тиббиёт бирлашмаси таркибидаги мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пунктида санитария-гигиена ва моддий-техник таъминот билан боғлиқ қатор камчиликлар аниқланди.

Жумладан, ётоқ анжомлари ва айрим хоналарнинг ҳолати талабга жавоб бермаслиги, зарур дори воситалари етишмаслиги ва яроқлилик муддати ўтган дорилар сақланаётгани маълум бўлди. Шунингдек, тиббиёт ходимлари хавфсизлигини таъминлаш чораларини кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига тавсиялар берилди. Натижада мониторингда қайд этилган камчиликлар бартараф этилди.

Ташрифлар давомида барча муассасаларда сақланаётган шахслар билан жамоавий ва ҳоли тарзда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари қабул қилинди. Шунингдек, муассасаларда ўрнатилган «Омбудсман қути»лари очилиб, улардаги мурожаатлар кўриб чиқиш учун олиб кетилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати