Учрашув давомида Ўзбекистон Конституциясида инсон олий қадрият сифатида мустаҳкамлангани, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва уларнинг натижалари, шунингдек, ушбу жараёнларда Омбудсман институтининг ўрни ҳамда фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида сўз борди.
Йоханна Мария Огрен инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳеч бир давлат ўзини барча масалаларни ҳал қилган мамлакат сифатида кўрсата олмаслигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Финляндияда гендер тенглиги соҳасидаги ислоҳотлар анча аввал бошланган бўлса-да, бу йўналишдаги ишлар ҳозир ҳам изчил давом этмоқда. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш доимий ўрганиш, такомиллаштириш ва ҳаракатни талаб этадиган узлуксиз жараён экани қайд этилди.
Элчи, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигининг иқтисодий тараққиёт билан чамбарчас боғлиқ эканига эътибор қаратди. Унинг фикрича, инсон ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинган ва қонун устуворлиги таъминланган мамлакат инвестициялар учун ҳам жозибадор муҳит яратади. Бу борада Ўзбекистонни ЖСТга аьзо бўлаётганлигини олқишлади.
Мулоқотда Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари фаолиятига ҳам қизиқиш билдирилди. Элчи уларнинг иш тажрибаси билан яқиндан танишиш истагини билдирди.
Шунингдек, умумтаълим мактабларида жорий этилган «Омбудсман соати» лойиҳаси муҳокама қилиниб, болаларда инсон ҳуқуқларига ҳурмат ва ҳуқуқий маданиятни эрта ёшдан шакллантириш муҳим экани таъкидланди.
Учрашувда Финляндия Омбудсмани институти ҳамда Ҳельсинки университети ҳузуридаги Қонун устуворлиги маркази билан амалга оширилаётган ҳамкорликнинг бугунги натижалари ҳам сарҳисоб қилиниб, қўшма лойиҳаларни давом эттириш юзасидан фикр алмашилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






