Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман кўмагида фуқарога 60 млн сўмга яқин иш ҳақи ва компенсация ундирилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га фуқаро мурожаат қилиб, хусусий корхоналардан бирида экскаватор машинисти лавозимида ишлаб келгани, бироқ 2025 йил январь–май ойлари учун иш ҳақи ва меҳнат шартномаси бекор қилинганда тўланиши лозим бўлган ҳисоб-китоб маблағлари тўлаб берилмаётганидан норози бўлди.

Мурожаат Омбудсман томонидан назоратга олиниб, белгиланган тартибда масъул ходим томонидан  ўрганилди.

Ўрганиш давомида фуқаро 2024 йил октябрь ойидан 2025 йил май ойига қадар мазкур корхонада ишлагани, меҳнат шартномаси бекор қилинганидан сўнг унга 2025 йил январь–май ойлари учун иш ҳақи ҳамда фойдаланилмаган меҳнат таътили учун тўланиши лозим бўлган маблағлар ҳисоб-китоб қилинмагани маълум бўлди.

Ишга оид ҳужжатлар ўрганилганда иш берувчининг қарздорлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мурожаатчида мавжуд эмаслиги аниқланди. Шу сабабли Омбудсман масъул ходимлари фуқаролик процессуал қонунчилигида электрон маълумотлар иш учун аҳамиятга эга ҳолатларни тасдиқловчи рақамли далил сифатида эътироф этилишини инобатга олиб, ходим ва корхона бухгалтерияси ўртасидаги иш ҳақи қарздорлигига оид Telegram ёзишмаларини даъво материалларига киритиш зарур деб топди.

Шундан сўнг Омбудсман томонидан фуқаро манфаатида Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Даъво аризасида мазкур ёзишмаларни рақамли далил сифатида инобатга олиш ҳам сўралди.

Суднинг 2026 йил 26 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан фуқаро фойдасига 54 303 000 сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда 5 000 000 сўм маънавий зарар — жами 59 303 000 сўм ундирилиши белгиланди.

Қайд этиш лозимки, меҳнат қонунчилигига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли барча тўловлар белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилиши шарт.

Мурожаатчининг илтимосига кўра, унинг шахсига оид маълумотлар ҳамда у ишлаб келган ташкилот номи кўрсатилмади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати