Мониторинг давомида маҳкумларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари таъминланиши, улар учун яратилган яшаш ва маиший шароитлар, тиббий хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат таъминоти, меҳнат қилиш ҳамда яқинлари билан учрашиш ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолати ўрганилди. Муассасадаги кутубхона ва тиббий хизмат кўрсатиш бўлими ҳам кўздан кечирилди.
Колонияда фаолият юритаётган 16 та ишлаб чиқариш цехи кўздан кечирилди. Уларда маҳкумларнинг 95 фоизи фойдали меҳнатга жалб этилгани маълум қилинди. Шунингдек, цехларда яратилган меҳнат шароитлари, техника хавфсизлиги талабларига риоя этилиши, маҳкумларнинг зарур шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланганлиги ҳамда иш ҳақларининг ўз вақтида тўланиши ҳолати ўрганилди.
Шунингдек, Омбудсман тавсияси асосида колонияда 28 та узоқ муддатли учрашув хонаси ташкил этилгани қайд этилди. Ташриф чоғида маҳкумларни кўриш учун келган яқинлари билан ҳам суҳбатлашилди. Улар хоналардаги шароитларни ижобий баҳолаб, маҳкумларга оила аъзолари, жумладан фарзандлари билан бирга вақт ўтказиш имкони яратилганини билдиришди. Шунингдек, яқинининг ҳолатини бевосита кўриш уларга хотиржамлик беришини айтиб, яратилган шароитлар учун давлат раҳбари ва колония маъмуриятига миннатдорлик билдиришди.
Мазкур колонияда давлат раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “Иккинчи имкон” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Лойиҳа доирасида ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари иштирокида 100 нафардан ортиқ маҳкум тест синовларидан ўтказилиб, улардан 30 нафари ўқиш учун танлаб олинган.
Айни пайтда улар учун ахборот технологиялари ва инглиз тили бўйича 8–9 ойлик ўқув курслари ташкил этилган. Ўқув даврида ушбу маҳкумлар меҳнатга жалб этилмайди. Озодликка чиққанидан сўнг эса уларни ишга жойлаштириш бўйича чоралар кўрилади.
Ташриф доирасида муассасада ўрнатилган “Омбудсман қути”лари кўздан кечирилиб, улар орқали келиб тушган мурожаатлар қабул қилинди. Маҳкумлар билан суҳбатлар ўтказилди.
Маълумот учун: 2026 йилнинг биринчи ярмида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 521 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврида 491 тани, 2024 йилнинг биринчи ярмида эса 452 тани ташкил этган.
Мониторинглар доирасида қарийб 4 минг нафар шахс билан жамоавий ҳамда 1 751 нафар шахс билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Ташрифлар давомида шахсларни сақлаш шароитлари, яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, маънавий-маърифий ишлар, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, таълим-тарбия жараёнлари ҳамда бошқа масалалар ўрганилди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тақдимнома, талабнома ва хулоса шаклидаги жами 23 та таъсир чораси киритилган.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якунлари асосида тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан, мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар Олий Мажлис палаталарига тақдим этилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






