Шу мақсадда Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан фуқаролар мурожаатлари жойига чиққан ҳолда ўрганилмоқда.
Навбатдаги ўрганишлар Омбудсманнинг Қашқадарё, Сирдарё, Самарқанд, Хоразм, Андижон ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари томонидан амалга оширилди.
Мурожаатларда кўтарилган масалаларни синчиклаб ўрганиш ва уларни ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида маҳаллий Кенгаш депутатлари ва тегишли идоралар ва масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида ишчи гуруҳлар тузилди.
Ўрганишлар давомида фуқаролар билан бевосита суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг важлари тингланди, мурожаатларда келтирилган ҳолатлар жойида кўздан кечирилди ҳамда тегишли ҳужжатлар ўрганилди.
Мурожаатларда асосан ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тиббий ва моддий ёрдам, мулк ҳуқуқи, уй-жойларни баҳолаш, бузилган уйлар учун компенсация ундириш, коммунал хизматлар, газ ва ичимлик суви таъминоти, шунингдек, одам савдоси ва фирибгарлик билан боғлиқ масалалар кўтарилди.
Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган ҳолатлар юзасидан масъул идораларга сўровлар юборилиб, мурожаатлар назоратига олинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






