Ушбу ҳолатда ҳам Омбудсман томонидан фуқаро А.Ҳ. манфаатида Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судига ходимга тўланмаган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш тўғрисида ариза киритилди.
Суд томонидан Омбудсманнинг аризаси қаноатлантирилди. Ҳозирда фуқаро А.Ҳ.га иш ҳақи тўлиқ ундириб берилган.
Самарқанд вилоятида яшовчи фуқаро Д.И. эса кўп йиллар давомида оилавий поликлиникада лаборант вазифасида ишлаб келганлиги, бироқ штатлар қисқартирилиши важи билан ундан қайта ишга қабул қилиш ваъдаси билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздириб олинганлиги, лекин, иш билан таъминланмасдан ишсиз қолганлиги бўйича мурожаат қилган эди.
Мурожаат Омбудсманнинг Самарқанддаги минтақавий вакили томонидан ўрганилиб, фуқаро Д.И. манфаатида у ишлаб келган оилавий поликлиникага Омбудсманнинг хати киритилган.
Натижада мурожаатчига ушбу оилавий поликлиника томонидан маъқул келадиган иш таклиф қилиниб, ишга қайта тикланди.
Қайд этиш лозимки, меҳнат қонунчилигига кўра, иш берувчи ходимни меҳнат шартномасида белгиланган иш билан таъминлаши, иш ҳақини ўз вақтида ва тўлиқ тўлаши, хавфсиз меҳнат шароитини яратиши ҳамда ходимнинг меҳнатда майиб бўлиши ёки касб касаллиги туфайли соғлиғига етказилган зиённи қоплаши шарт.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






