Мониторинг ташрифларида ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхоналар, тиббиёт бўлимлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни сақлаш шароитлари, кутубхона, маданий дам олиш, телефон орқали мулоқот қилиш, учрашув хоналари, тинтув хоналари, сайилгоҳ, тергов ва адвокатлар хоналаридаги шарт-шароитлар, шунингдек, видеокузатув камераларининг ҳолати ўрганилди.
Мониторинг давомида айрим муассасаларда бир қатор камчиликлар маълум бўлди. Хусусан, Қарши шаҳар ва Косон тумани ИИБ ВСҲларидаги адвокат билан учрашув хоналарида визуал кузатув имкониятлари мавжуд эмас.
Косон ва Муборак туманларидаги Ҳушёрхоналарининг шахсларни вақтинча сақлаш хоналари санитария ҳолати қониқарсиз, тозалаш ишлари етарли даражада олиб борилмаган ва видеокузатув камераларидан бири носоз ҳолатда.
Шунингдек, Қашқадарё вилояти ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида вояга етмаганлар учун ўқув ва ҳуқуқий-маърифий тадбирларни ташкил этишга хизмат қилувчи жиҳозларни ва кутубхона фондини янада бойитиши юзасидан тавсиялар берилди.
Мониторинг давомида колониялардаги “Омбудсман қути”лари кўздан кечирилиб, маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Якка тартибда қабул қилинган мурожаатлар асосан соғлиқни тиклаш, жазо муддати тугаганидан кейин ижтимоий мослашув, ҳуқуқий тушунтириш олиш ҳамда инсонпарварлик далолатномасини қўллаш масалаларига оид бўлди. Айрим мурожаатлар юзасидан жойида амалий чоралар кўрилди.
Мониторинг якунларига кўра аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсман таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилиши маълум қилинади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






