Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Марказий тергов ҳибсхонасида “Омбудсман мактаби” тадбири ўтказилди
2026 йил 15 июнь куни Жазони ижро этиш департаменти 1-минтақавий ҳудуд Марказий тергов ҳибсхонасида “Қийноқларга мутлақ йўл қўймаслик” тамойилини тарғиб қилувчи “Омбудсман мактаби” ўтказилди.

Омбудсман ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти вакиллари, Ички ишлар академияси Жазони ижро этиш фаолияти кафедраси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги “Комплаенс-назорат” тизимини жорий этиш ва ички назорат бўлинмалари фаолиятини тартибга солиш бошқармаси вакиллари ҳамда Марказий тергов ҳибсхонаси маъмурияти ва ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Омбудсманнинг қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган фаолияти, ушбу йўналишда қабул қилинган халқаро ва миллий қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди. Хусусан, БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси талаблари ҳамда уларнинг миллий қонунчиликда акс этиши юзасидан тушунчалар берилди.

Давра суҳбатида қийноқларнинг олдини олиш бўйича амалий чоралар, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ички назорат механизмларини кучайтириш, ходимлар масъулиятини ошириш, коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик ҳамда хизмат жараёнида инсон ҳуқуқларига қатъий риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир савол-жавоблар ва ўзаро мунозараларга бой тарзда ўтди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати