Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Тошкент шаҳридаги қатор муассасаларда мониторинг ташрифлари амалга оширилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили томонидан 21-сон Жазони ижро этиш колонияси, 23-сон Маҳкумлар учун ихтисослашган касалхона, 51-сон Манзил-колония ва унинг ишлаб чиқариш объектлари, 1- ва 2-сонли “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйлари, Тошкент шаҳар мажбурий даволаш наркология шифохонаси, Республика кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар ва Руҳий касалликлар клиник шифохоналарига мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг ташрифлари давомида муассасаларда сақланаётган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди. Хусусан, ётоқ ва ювиниш жойлари, ошхона, тиббиёт бўлими, озиқ-овқат ва дори-дармон таъминоти, маданий ҳордиқ чиқариш ва кутубхона фаолияти, телефон орқали мулоқот қилиш имкониятлари, учрашув, тинтув, тергов ва адвокатлар учун ажратилган хоналар ҳамда сайилгоҳлар ҳолати кўздан кечирилди. Муассасалар ҳудудида ўрнатилган видеокузатув тизимларининг ишлаши ҳам ўрганилди.

Мониторинг жараёнида 51-сон Манзил-колониясининг айрим ишлаб чиқариш объектларида маҳкумлар учун яратилган санитария-маиший ва меҳнат шароитларини, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини ҳамда яқинлари билан учрашувларни ташкил этиш шароитларини янада яхшилаш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар мажбурий даволаш наркология шифохонасида беморларни зарур буюмлар билан таъминлаш, даволанишга қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашувлари учун тегишли шарт-шароитлар яратишга эътибор қаратилди.

Қайд этиш жоизки, Омбудсман томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига киритилган хулосага мувофиқ мазкур шифохонада аниқланган бир қанча камчиликлар бартараф этилган. Хусусан, сув тизимидаги носозликлар бартараф этилган, иситиш тизими замонавий янги қурилмага алмаштирилган ва қўриқлаш хизмати бўйича 370 млн сўмга яқин қарздорлик қопланган.

Шунингдек, Омбудсманнинг Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили томонидан аввалги мониторингларда 2-сонли “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун болалар интернат уйи раҳбариятига болаларни қабул қилиш ва яқинларига топшириш учун махсус хона ажратиш, ушбу хонани ва биноларни видеокузатув камералари билан жиҳозлаш тавсия этилган эди.

Тавсияга мувофиқ, ушбу “Мурувват” уйини видеокузатув камералари билан жиҳозлаш учун 1 млрд сўм ажратилди. Жами 10 дона монитор экранлари ва 640 дона кузатиш камералари ўрнатилди.

Мониторинглар давомида “Омбудсман қути”ларида қолдирилган ҳамда ҳоли тарзда ўтказилган қабуллар орқали келиб тушган мурожаатлар назоратга олинди. Айрим мурожаатлар бўйича жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Мониторинг якунларига кўра аниқланган камчиликлар бўйича масъул вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати