Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ҳудудларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳолати маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама қилинди
Халқ депутатлари Хоразм, Наманган, Қашқадарё ва Андижон вилоятлари Кенгашлари сессияларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг тегишли минтақавий вакиллари томонидан ҳудудларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳолати юзасидан маърузалар тақдим этилди.

Сессияларда минтақавий вакиллар ўз ҳудудларида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, уларда кўтарилаётган масалаларни масъул идоралар билан ҳамкорликда ўрганиш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолатни таҳлил қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди. Шунингдек, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларда ўтказилган мониторинг ташрифлари натижалари, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича киритилган таъсир чоралари ва уларнинг ижроси, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган очиқ мулоқотлар ҳамда сайёр қабулларда кўтарилган масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, минтақавий вакилларнинг маҳаллий Кенгашлар олдида маъруза тақдим этиши ҳудудларда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни депутатлар корпуси иштирокида муҳокама қилиш, мурожаатлар таҳлили асосида тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларга маҳаллий даражада амалий ечим топиш имконини беради.

Маълумот учун: “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонуннинг 43-моддасига мувофиқ, Омбудсманнинг минтақавий вакили ҳудудда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳолати тўғрисида Омбудсман билан келишилган ҳолда ҳар йили тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига маъруза тақдим этади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати