Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Сурхондарё вилояти ҳудудий марказида ташкил этилган “Ҳуқуқий ёрдам автобуси” тадбирида Омбудсманнинг Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Д.Н. Суванова ҳамда мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди.
Айни пайтда мазкур марказда 7 нафар аёл ва уларнинг 15 нафар фарзанди яшамоқда. Уларнинг айримлари бир ой, бошқалари эса уч ойдан буён шу ерда реабилитация жараёнини ўтаб, касб ўрганмоқда. Марказдаги аёлларнинг бир нафари иш билан таъминланган, айримлари эса қандолатчилик орқали даромад топаётганини билдирди.
Тадбир давомида зўравонликдан жабрланган аёллар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг муаммолари тингланди. Аёлларга давлат ҳимояси, ҳуқуқий ва психологик кўмак, шунингдек таълим олиш, ишлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш ва уй-жой масалалари бўйича мавжуд имкониятлар ҳақида тушунтиришлар берилди.
Энг муҳими, учрашувдан кейин улар билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, мурожаатлари қабул қилинди. Хусусан улар томонидан кўтарилган масалаларнинг барчаси бўйича аниқ чоралар белгиланиб хал этилди.
Тадбир якунланганидан сўнг марказдаги аёллар малакали психологлар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказди. Улар билан руҳий тикланиш, қўрқув ва ишончсизликни енгишга қаратилган муолажалар олиб борилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






