Мониторинг ташрифлари давомида ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари билан таъминланганлиги ва уларни сақлаш шароитлари, кутубхона, маданий дам олиш, телефон орқали сўзлашув, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, тинтув хоналари, сайилгоҳ, тергов ва адвокатлар хоналаридаги шарт-шароитлар, шунингдек, муассасалар ҳудудида ўрнатилган видеокузатув камераларининг ҳолати кўздан кечирилди.
Ўрганиш жараёнида айрим камчиликлар аниқланди. Хусусан, Термиз шаҳри, Шўрчи ва Денов туманлари ИИБ ВСҲ ҳамда Сурхондарё вилояти ИИБ Махсус қабулхонасида баъзи жиҳозлар етишмаслиги, Денов ва Шўрчи туманлари ИИБ ВСҲда сунъий шамоллатиш тизимлари ишламаслиги аниқланди.
Денов “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар мурувват интернат уйида айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддати кўрсатилмаганлиги маълум бўлди. Мазкур ҳолат аввалги мониторингларда ҳам аниқланган ва тегишли тавсиялар берилган эди.
Шу билан бирга, Қизириқ туманидаги хушёрхонада дори-дармон воситаларининг яроқлилик муддати ўтганлиги, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларидаги хушёрхоналарда эса белгиланган дори-дармон воситалари тўлиқ эмаслиги аниқланди.
Мониторинг давомида айрим хушёрхоналарда ювиниш хоналари таъмирталаб ҳолдалиги, айримларида эса улар умуман мавжуд эмаслиги, кроватлар эскирганлиги ҳамда қўриқлаш хизмати ходимлари бириктирилмаганлиги маълум бўлди.
Шу билан бирга, Шерабод тумани хушёрхонасида Омбудсман тақдимномасига кўра, илгари аниқланган камчиликлар бартараф этилгани маълум бўлди.
Мониторинг натижалари юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилиши маълум қилинади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






