Меморандум доирасида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Наманган вилояти ҳудудий марказида “Тенглик ва ҳурмат” платформаси асосида “Ҳуқуқий ёрдам автобуси” тадбири ташкил этилди. Унда Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, ички ишлар бошқармасининг хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш бўлими, психологлар ҳамда зўравонликдан жабрланган 7 нафар аёл иштирок этди.
Тадбир доирасида зўравонликдан жабрланган аёллар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларни давлат ҳимоясига олиш, қўллаб-қувватлаш, хавфсиз ҳаётга қайтариш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, яратилган ҳуқуқ ва имкониятлар ҳақида тушунтиришлар берилди ҳамда мурожаатлари қабул қилинди.
Шунингдек, 3 нафар оилавий зўравонлик содир этган эркак-агрессор аниқланиб, улар билан ички ишлар бошқармаси ва Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида психологик индивидуал ишлаш, масъулият, оилавий муносабатлар ва тенглик мавзуларида терапевтик машғулотлар ўтказиш режалаштирилди.
Тадбир якунида марказда ташкил этилган тикувчилик, пазандачилик, болалар массажи ва компьютер саводхонлиги бўйича касбга ўқитиш курслари билан танишилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






