Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Женевадаги GANHRI Бош ассамблеясида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича илғор тажрибалар муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 31 март куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал альянсининг (GANHRI) Бош ассамблеяси бўлиб ўтмоқда ва унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) иштирок этмоқда.

Мазкур Бош ассамблея миллий инсон ҳуқуқлари институтлари фаолияти учун муҳим глобал қарорлар қабул қилинадиган майдон ҳисобланади. Унда дунёнинг турли минтақаларидаги миллий инсон ҳуқуқлари институтлари, БМТ тузилмалари, давлатлар ва фуқаролик жамияти вакиллари қатнашишмоқда.

Бош ассамблея кун тартибидан Альянс минтақавий тармоқлар ахборотларини эшитиш, аккредитация жараёнлари, шунингдек ташкилотнинг жорий фаолиятига оид масалаларни кўриб чиқиш ўрин олган.

Айниқса, турли минтақаларда фаолият юритаётган миллий инсон ҳуқуқлари институтлари ҳисоботларининг тингланиши инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ёндашувлар, амалий механизмлар ва самарали тажрибалар билан яқиндан танишиш имконини беради. Бу эса миллий институтлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, долзарб муаммоларга нисбатан замонавий ечимларни муҳокама қилиш ва илғор амалиётларни ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот учун, Глобал альянс 1993 йилда ташкил этилган бўлиб, у бугунги кунда дунёдаги энг йирик миллий инсон ҳуқуқлари институтлари тармоқларидан бири ҳисобланади.

Глобал альянснинг расмий маълумотига кўра, 2025 йил декабрь ҳолатига 119 аъзо миллий инсон ҳуқуқлари институти мавжуд. Улардан 91 таси “А” мақомга, 28 таси “В” мақомга эга институтлардир.

Омбудсманнинг мазкур тадбирда иштироки мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро майдонда намойиш этиш, шунингдек бу йўналишдаги илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати