Навбатдаги “Ҳуқуқий ёрдам автобуси” тадбири Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Андижон вилояти ҳудудий марказида бўлиб ўтди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Андижон вилоятидаги минтақавий вакили ташаббуси билан ўтказилган ушбу тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулнора Абдувохидова, Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши котибияти мудири Насибахон Тўйчиева, “Адолат” социал-демократик партияси Андижон шаҳар Кенгаши раиси Илҳомжон Абдулазизов, шунингдек вилоят ИИБ, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, Хотин-қизлар бошқармаси вакиллари ҳамда Андижон давлат университети психологи иштирок этди.
Айни пайтда мазкур марказда 8 нафар аёл ва уларнинг 9 нафар фарзанди яшамоқда. Уларнинг айримлари яқинда келган бўлса, бошқалари бир неча ойдан буён шу ерда реабилитация жараёнини ўтамоқда. Улар касб ўрганаётгани, айримлари эса иш билан таъминланиб, мустақил даромад топишни бошлагани ҳам қайд этилди.
Тадбир давра суҳбати шаклида ўтказилди. Унда марказда яшаётган аёллар ўз ҳаётидаги оғир синовлар, оиласида дуч келган муаммолар, марказдаги шароитлар ва келгуси режалари тингланди.
Суҳбат давомида аёлларга ҳимоя ордерини олиш тартиби, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларида қонун қандай ҳимоя қилиши, таълим олиш, ишга жойлашиш, тадбиркорликни бошлаш, касб ўрганиш ҳамда уй-жой масалалари бўйича мавжуд имкониятлар ҳақида тушунтиришлар берилди. Айрим мурожаатлар юзасидан жойида ҳуқуқий маслаҳатлар берилган бўлса, иш сўраб қилинган мурожаатлар тегишли тартибда қабул қилинди.
Тадбир якунлангач, марказдаги аёллар билан психолог томонидан якка тартибда ишланди. Суҳбатлар давомида уларнинг руҳий ҳолатини енгиллаштириш, ички қўрқув ва ишончсизликни камайтириш, келажакка умид билан қарашига кўмаклашишга қаратилган психологик муолажалар ўтказилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






