Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида Бухорода зўравонликка учраган 3 нафар аёлнинг мурожаатлари ўрганилди
“Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Бухоро вилояти ҳудудий марказида сақланаётган 3 нафар аёлнинг мурожаатлари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўрганилди.

Минтақавий вакил қабулида бўлган ҳар учала мурожаатчи ҳам турмуш ўртоғи томонидан тазйиқ ва зўравонликка учраган, жисмоний ҳамда руҳий босим кўрган аёллар бўлиб, айни пайтда болалари билан ушбу марказда вақтинчалик бошпана билан таъминланган.

Мурожаатларни ўрганиш жараёнида ушбу аёллар марказдан чиққанидан сўнг яшаш учун доимий жой масаласи долзарб экани аниқланди. Шу боис, уларнинг мурожаатлари асосида тегишли туман ҳокимликларига ижтимоий турар жой фондидан жой ажратиш масаласини кўриб чиқиш, прокуратура органлари билан эса аёлларга нисбатан давом этаётган тазйиқ ҳолатлари юзасидан қонуний чоралар кўрилишини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

“Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида бундай ўрганиш ва мулоқотлар республика бўйлаб ташкил этилмоқда. Ушбу ёндашувда нафақат тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларни ҳуқуқий, ижтимоий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, балки зўравонликка йўл қўйган шахслар билан ҳам профилактик ва тушунтириш ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса келгусида қайта зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, оилавий муносабатларда ҳурмат ва масъулият муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати