Мониторинг ташрифлари давомида муассасалардаги ётоқ жойлар, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситаларини сақлаш шароитлари, кутубхона, маданий дам олиш, телефон орқали сўзлашув, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, тинтув хоналари, сайилгоҳ, тергов ва адвокатлар хоналаридаги шарт-шароитлар, шунингдек, муассасалар ҳудудида ўрнатилган видеокузатув камераларининг ҳолати кўздан кечирилди.
Ўрганиш жараёнида айрим камчиликлар ҳам аниқланди. Жумладан, Гулистон шаҳар ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланувчи шахсларнинг қариндошлари ҳамда бошқа шахслар билан учрашувлари учун алоҳида хоналар ажратилмагани ҳамда камералар радиоэшиттириш воситалари билан таъминланмагани маълум бўлди.
8-сон тергов ҳибсхонасида ўтказилган мониторинг ташрифда баъзи камераларнинг таъмир талаб эканлиги аниқланди. Шунингдек, Омбудсман минтақавий вакили томонидан сайёр қабул ўтказилиб, маҳбуслар мурожаатлари қабул қилинди. “Омбудсман қутиси”да қолдирилган мурожаатлар ҳам ўрганиш учун олиб кетилди.
Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия бўйича Сирдарё вилояти филиалида айрим бўлимларда белгиланган сиғимдан ортиқ беморлар даволанаётгани аниқланди. Хусусан, катталар психиатрия (аёллар) бўлими 40 ўринга мўлжалланган бўлса-да, ҳозирда 44 нафар, ўткир психиотик (аёллар) ҳолатлар бўлимида 20 ўрин ўрнига 30 нафар бемор даволанмоқда. Шунингдек, катталар психиатрия (эркаклар) бўлимида 40 ўринга нисбатан 50 нафар, ўткир психиотик (эркаклар) ҳолатлар бўлимида эса 30 ўринга қарамасдан 42 нафар бемор даволанаётгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, Даволаш бўлимларида хавфсиз ҳаракатланишни таъминлашга оид талаблар бузилгани аниқланди
Мониторинг натижалари юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






