Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Наманганда 150 нафар маҳкумга сертификатлар топширилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари жазони ижро этиш муассасаларига амалга оширадиган мониторинг ташрифлари доирасида маҳкумларга яратилган шароитларни ўрганиш билан бир қаторда, уларнинг озодликка чиққанидан сўнг жамиятга мослашувини енгиллаштиришга қаратилган тадбирларга ҳам эътибор қаратиб келмоқда.

Хусусан, Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили ташаббуси билан маҳкумларнинг қизиқишлари ўрганилиб, “устоз-шогирд” анъанаси асосида турли тўгараклар ташкил этилган.

Куни кеча Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили томонидан 6-сон Жазони ижро этиш колониясига навбатдаги мониторинг ташрифи амалга оширилди. Унда Бизнес-омбудсман, Наманган вилояти Ошпазлар уюшмаси ҳамда Ҳунарманд уюшмаси Наманган вилояти бўлими вакиллари иштирок этди.

Ташриф давомида колонияда фаолият юритаётган Касб-ҳунар маркази иши билан танишилди. Ошпазлик йўналиши бўйича ўтказилаётган амалий машғулотлар кузатилди.

Шундан сўнг, ошпазлик йўналишида 33 нафар ҳамда ҳунармандчиликнинг 5 тури бўйича 117 нафар — жами 150 нафар маҳкум “устоз-шогирд” анъаналари асосида ташкил этилган ўқув курсларини муваффақиятли тамомлагани муносабати билан сертификатлар билан тақдирланди.

Мониторинг давомида 611 нафар маҳкум билан жамоавий тартибда, 5 нафари билан эса ҳоли тарзда суҳбатлар ўтказилди. Суҳбатларда яшаш шароити, тиббий хизмат, озиқ-овқат таъминоти ҳамда яқинлари билан учрашувлар ва телефон орқали мулоқот қилиш ҳолатлари ўрганилди.

“Омбудсман қути”ларида қолдирилган ҳамда ҳоли тарзда қабул қилинган мурожаатлар назоратга олиниб, ўрганиш ишлари бошланди. Айрим мурожаатлар бўйича жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати