Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маъруза фракциялар йиғилишларида муҳокама қилинди
2026 йил 9 февраль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда ЎзЛиДеП фракциялари йиғилишларида кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, 2025 йилда Омбудсман номига 26372 та келиб мурожаат юборилган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 12,6 фоизга кўпдир. Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаатлар Қашқадарё вилояти, Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятига, энг кам мурожаатлар эса Қорақалпоғистон Республикаси ва  ва Сирдарё вилоятиган тўғри келади. Мурожаатларни ўрганиш ва амалга оширилган мониторинг ташрифлари натижасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунбузилишлар, уларга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари ва идоралари, уларнинг мансабдор шахсларига 194 та тақдимнома, талабнома, огоҳлантириш, ариза ва даъво аризалари ҳамда хулоса шаклидаги таъсир чоралари киритилган.

Омбудсман томонидан фуқароларнинг 263 миллион сўмдан ортиқ нореал қарздорликлари бекор қилинди. 57 нафар фуқаронинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқлари тикланди. 118 нафар инсон ҳуқуқларини бузган давлат ташкилотлари масъуллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилди.

Тадбирда таъкидланишича, Омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчилигини такомиллаштиришга ҳамда уни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Мунозаралар давомида фракциялар аъзолари томонидан берилган саволларга тегишли жавоблар олиниб, Омбудсманнинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси маъқулланди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати