Таъкидланганидек, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун билан Омбудсман фаолиятининг институционал асослари такомиллаштирилиб, у ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай Олий Мажлис палаталарига ўз фаолияти тўғрисида маъруза тақдим этиши белгилаб қўйилган.
Шундан келиб чиқиб, Омбудсман 2025 йилда янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш, соҳага оид миллий қонунчиликни ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш каби устувор вазифалар тўғрисида тайёрланган маърузасини Қонунчилик палатасига тақдим этди.
Маърузада келтирилганидек, 2025 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) номига 26 минг 372 та мурожаатлар келиб тушган.
Фуқаролар манфаатида жами 11 млрд. 82 млн. сўм ундирилган. Шунингдек, кўплаб фуқаронинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқлари тикланган. Бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклаш мақсадида аҳолининг заиф қатламига “pro bono” тарзда судларга 88 та ариза, даъво ариза ва шикоятлар киритилишида ёрдам берилган.
Шунингдек, ўтган даврда инсон ҳуқуқларини бузган давлат ташкилотлари масъуллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган. Омбудсман томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларга 954 маротаба мониторинг амалга оширилган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда республикадаги 81 та шаҳар ва туманларнинг 204 та умумий ўрта таълим мактабларида 11,4 мингга яқин ўқувчиларни қамраб олган “Омбудсман соати” дарслари ўтказилган.
Йиғилишда Омбудсман томонидан хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини камайтириш, уларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва имкониятларидан хабардорлигини ошириш, жамиятда гендер тенглиги ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида “Тенглик ва ҳурмат” платформаси жорий қилингани алоҳида урғуланди.Шунингдек, депутатларнинг сайлов округларидаги учрашувлари давомида фуқаролар томонидан келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан Омбудсманнинг минтақавий вакиллари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, мурожаатлар энг кўп тушган туманларда сектор раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этиш, уларнинг сабаблари билан қизиқиш лозимлиги таъкидланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






