Виртуал мулоқотда Омбудсман институтининг халқаро мақомини “А” даражага кўтариш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, 2020 йилда Омбудсманга “B” мақоми берилганида Миллий инсон ҳуқуқлари институтларининг Глобал альянси томонидан тақдим этилган тавсиялар босқичма-босқич инобатга олингани таъкидланди. Шу жумладан, Омбудсман фаолиятига оид қонунчилик базасининг такомиллаштирилгани, минтақавий вакиллар фаолияти йўлга қўйилгани, шунингдек, Туркий тилли давлатлар Омбудсманлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва Евроосиё Омбудсманлари альянси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Осиё–Тинч океани форуми каби нуфузли халқаро тузилмаларга аъзо бўлгани, Марказий Осиё давлатлари, Сербия, Венгрия, Италия, Мўғулистон, Дания каби давлатлар Омбудсманлари билан ҳамкорлик меморандумлар имзолангани қайд этилди.
Учрашувда Ўзбекистонда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида Омбудсман институтининг институционал салоҳияти изчил равишда мустаҳкамлангани алоҳида таъкидланди.
Онлайн йиғилишда, иштирок этган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Омер Фишер ҳамда экспертлар Маттҳиас Клеттермаер ҳамда Жоана Микел Желабертлар ҳам ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
Учрашувда, шунингдек,“А” мақомига эга хорижий давлатлар омбудсманлари билан ҳамкорлик доирасида илғор тажрибалар ўрганилаётгани, жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорлик алоқалари изчил равишда кучайтирилгани алоҳида эътироф этилди. Бу жараёнда мониторинг ташрифлари, мурожаатларни ўрганиш ҳамда муқобил маърузаларни тайёрлашда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилаётгани таъкидланди.
Мулоқот якунида Миллий инсон ҳуқуқлари институтларининг глобал альянси томонидан Омбудсман институти статусининг қайта кўриб чиқилиши муносабати билан амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий ва институционал чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






