Ташрифлар чоғида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, меҳнатга жалб этилиш, яқин қариндошлари билан учрашув, мурожаат қилиш каби ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолати ўрганилди. Камералар ва хоналарда санитария ҳолати, видеокузатув тизими, адвокатлар билан учрашиш ва почта ҳамда йўқловларни олиш жараёнлари кўздан кечирилди.
Шунингдек, ушбу ёпиқ муассасаларга жойлаштирилган “Омбудсман қути”лари текширилиб, мурожаатлар қабул қилинди. Шу билан бирга, маҳкум ва маҳбуслар учун сайёр қабуллар ташкил этилиб, улар билан холи тарзда учрашилди.
6-сон жазони ижро этиш колониясидаги маҳкумлар мурожаати асосида Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими билан ҳамкорликда 30 нафар маҳкумга ID-карта расмийлаштирилиб, эгаларига топширилди.
Шунингдек, 39 нафар маҳкумга “Ёғочдан халқ ҳунармандчилиги маҳсулотларини тайёрлаш”, “Металдан буюмлар тайёрлаш” ҳамда “Гул босилган газламалар ва чокли буюмлар тайёрлаш” курсларини тамомлагани учун сертификатлар топширилди.
Поп туманидаги ҳушёрхонага ўтказилган мониторингда аввалги ўрганишларда билдирилган тавсиялар асосида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани аниқланди.
Янги йил байрами муносабати билан Поп “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйида яшаётган ногиронлиги бўлган шахсларга совғалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар Олий Мажлис палаталарига тақдим этилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






