Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Жиззахда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган тадбир бўлиб ўтди
2025 йил 17 декабрь куни Жиззах шаҳрида аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва хабардорлигини оширишга қаратилган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.

Тадбирда Омбудсман ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияси ва Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, мутахассис-олимлар иштирок этди.

Омбудсманга аҳолидан келган мурожаатлар таҳлили чекка ҳудудларда аҳолининг ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий тушунтиришларга бўлган эҳтиёж юқори эканини аниқ кўрсатмоқда.

Сўнгги йилларда Омбудсман институти томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган мақсадли ва манзилли тарзда ҳуқуқий-маърифий лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, чекка ҳудудларда аҳоли билан очиқ мулоқот ва ҳуқуқий тушунтириш ишларини олиб боришга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, умумтаълим мактабларида ўқувчиларга нафақат ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш, балки ўзгалар ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга қаратилган “Омбудсман соати” инновацион дарслари ўтказиб келинмоқда.

Шунингдек, зўравонликка учраган хотин-қизларга манзилли психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи “Тенглик ва ҳурмат” лойиҳалари изчил амалга ошириб келинмоқда.

Шу каби лойиҳалар давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилиб, аҳолига ҳуқуқий ислоҳотлар мазмуни ҳамда ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлларини тушунтиришга қаратилган. Бу йўналишдаги тарғибот ишлари замонавий, таъсирчан ва амалий усуллар асосида изчил олиб борилмоқда.

Очиқ ва самимий мулоқотда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама марказида бўлди. Хусусан, чекка ҳудудларда фуқаролик жамияти институтлари томонидан аҳолининг, айниқса хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузилиши, ёлғон маълумотларни тарқатиш ва ҳуқуқни инкор этувчи қарашларнинг тарқалишига қарши ҳуқуқий иммунитетни шакллантиришнинг замонавий йўллари муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчилари томонидан меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимоя, гендер тенглиги, болалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш каби масалалар юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.


Давра суҳбати якунларига кўра, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, ҳуқуқий тарғиботни маҳаллий эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати