Тадбирнинг асосий мақсади – 2030-йилгача Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга оширишда 2025-йил учун белгиланган комплекс чора-тадбирлар ижросини муҳокама қилиш, давлат хизматининг турли йўналишларида аёллар иштироки ва имкониятларини кенгайтириш бўлди.
Конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати вакиллари, Омбудсман, хорижий давлатлар элчихоналари, халқаро экспертлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, фуқаролик жамияти институтлари аъзолари, шунингдек “Раҳбар аёллар мактаби” битирувчилари иштирок этди.
Муҳокамалар давомида давлат хизматида аёллар иштирокини ошириш, қонунчилик ва институционал кафолатлар, халқаро индекслар, етакчилик компетенциялари ҳамда таълим орқали интеллектуал салоҳиятни юксалтириш масалалари кўриб чиқилди.
Панел сессияларида гендер сиёсатини такомиллаштириш, аёллар учун тенг шарт-шароитлар яратиш, раҳбарлик лавозимларида уларнинг улушини ошириш бўйича илғор амалиётлар ўрганилди.
Конференция якунида аёллар учун имкониятларни кенгайтириш, раҳбар аёллар сонини ошириш ва мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган қатор амалий таклифлар ишлаб чиқилди.






