Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сирдарёда “Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида жабрланган аёллар ва агрессорлар билан амалий ишланди
2025 йил 15 октябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ташаббуси билан Сирдарё вилоятида “Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида қатор амалий тадбирлар ўтказилди.

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Сирдарё вилояти ҳудудий марказида ташкил этилган “Ҳуқуқий ёрдам кўприги” тадбири доирасида жабрланган 12 нафар аёлнинг мурожаатлари ўрганилиб, уларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Давлат томонидан аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида берилаётган имконият ва имтиёзлар тушунтирилди.

Тадбирга Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Сирдарё вилояти бошқармаси, Вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш бўлими ва психологлар жалб этилди.

Мулоқотлар давомида 2 нафар аёлга Сирдарё вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси томонидан бўш иш ўринлари таклиф этилди, 1 нафар аёлнинг ер ажратиш масаласи бўйича Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан амалий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.

Бу галги тадбирнинг муҳим жиҳати шундаки, илк бор оилавий зўравонлик содир этган икки нафар эркак — агрессор билан ҳам психолог индивидуал ишлади. Улар билан масъулият, оилавий муносабат ва тенглик мавзусида терапевтик машғулотлар ўтказилди.

Шунингдек, платформа доирасида Сирдарё вилояти туманларининг Оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари иштирокида амалий мулоқот ташкил этилди. Унда ҳудудлардаги мавжуд зўравонлик ҳолатлари, тизимдаги долзарб муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди.

“Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасидаги бундай тадбирлар республиканинг барча ҳудудларида изчил равишда давом этмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати