Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқларига асосланган бюджетлаш: Тошкентда халқаро семинар бошланди
2025 йил 15 сентябрь куни Тошкент шаҳрида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий ваколатхонаси томонидан “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар ҳамда соғлом атроф-муҳит ҳуқуқини таъминлашда инсон ҳуқуқлари асосида бюджетлаш” мавзусида халқаро семинар ўз ишини бошлади. Тадбирда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳам иштирок этди.

Семинарнинг мақсади — жамоатчиликнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган бюджет жараёнларидаги иштирокини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ва амалий билимларни ошириш, шунингдек миллий бюджетни инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан таҳлил қилиш кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.

Семинарда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўлими инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Игор Гришко қатнашиб, ўз тажрибаси билан бўлишди.

Тадбирда Омбудсман Девони ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек журналист ҳамда блогерлар иштирок этишмоқда. Иштирокчилар иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тушунчаси, соғлом ва барқарор атроф-муҳит ҳуқуқининг аҳамияти, миллий ва халқаро мониторинг механизмлари ҳақида билимларини мустаҳкамлаш билан бирга, инсон ҳуқуқларига асосланган бюджет таҳлили усулларини ўрганишмоқда.

Семинарда давлат харажатлари ва даромадлари устидан жамоатчилик назорати, экологик ҳуқуқларни ҳимоя қилишда бюджет сиёсатининг аҳамияти каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Ушбу семинар 16 сентябрь куни ҳам ўз ишини давом эттиради.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати