Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Республиканинг чекка ҳудудларида “Омбудсман мактаби” тадбирлари ва сайёр қабуллар ўтказилмоқда
Маълумки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) халқ ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш мақсадида “Омбудсман мактаби” тадбирларини ўтказиб келмоқда. Мазкур тадбир доирасида фуқаролар қабули ҳам ташкил этилиб, улар мурожаатлари қабул қилинмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларидан юборилган мурожаатлар ўрганилиб, ушбу ҳудудлар учун муҳим бўлган масалалар танлаб олинди ва мазкур мавзуларга бағишланган “Омбудсман мактаби” тадбирлари ўтказилди.

Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган очиқ мулоқотларда Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманидан “Гужимли”, “Бердак”, “Абат макан”, “Шахтемир”, “Каракол” ва “Дослык” маҳаллалари, Самарқанд вилояти Булунғур туманидагиКилдон”, “Сайилтепа”, “Бешкуви” маҳаллалари ҳамда Каттақўрғон тумани Мўминхўжа маҳалласи ва унга қарашли қишлоқлар, Сурхондарё вилояти Бандихон туманидаги “Чинор”, “Наврўз”, “Бандихон”, “Бектепа”, “Обикор”, “Қудуқсой” ва “Бирдамлик” маҳаллалари, Фарғона тумани Водил қишлоғидан “Қўриқ”, “Боймахалла”, “Гулшан”, “Сойбўйи”, “Юқори Гулшан” ҳамда Чимён қишлоғидан “Тинчлик”, “Беруний”, “Новкент”, “Дилкушо”, “Водил” маҳаллалари, Хоразм вилояти Хива туманидан Дошёқ”, “Бустан”, “Гулшан”, “Оқ ёп”, “Серчали”, “Ал-Хоразмий” маҳаллалари, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридагиМаҳаллот” ва “Нахшаб” маҳаллаларида яшовчи аҳоли иштирок этди.

Учрашувларда иштирок этган масъул идора вакиллари томонидан аҳолига кибержиноятчилик ва молиявий фирибгарликнинг олдини олиш, меҳнат миграцияси жараёнлари, меҳнат муносабатлари, ижтимоий хизмат ва ижтимоий ёрдам масалалари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қашқадарё вилоятида эса аҳолига одам савдосининг олдини олиш, инсон эркинлиги ва ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш масалалари юзасидан маълумотлар етказилди.

Самарқанд вилоятида ўтказилган тадбирлар доирасида аҳоли учун бепул тиббий кўриклар ташкил этилди, бепул дори воситалари тарқатилди ҳамда эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, Наманган давлат техника университети ва Сирдарё вилояти Гулистон давлат педагогика институти талабалари иштирокида ҳам “Омбудсман мактаби” тадбирлари ўтказилди. Ушбу тадбирларда талабаларга ёшларга оид давлат сиёсати ва улар учун яратилган имкониятлар ҳақида тушунтириш берилди.

Жами 43 та маҳаллада 900 нафардан ортиқ аҳоли “Омбудсман мактаби” тадбирларига қамраб олинди. Шунингдек, тадбирлар доирасида Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан сайёр қабуллар ўтказилиб, фуқаролар мурожаатлари қабул қилинди.

Бу тадбирлар аввало фуқаролар мурожаатларини таҳлил қилишга таянади ва айнан ушбу ҳудуд аҳолиси учун долзарб бўлган масалаларда тегишли ташкилотларни жалб этган ҳолда ўтказилади. Шу боис иштирокчилар қайси муаммо бўйича қайси идорага мурожаат қилиш тартибини ўрганиб олишади, шу заҳоти ўша ташкилот вакилларига ўз мурожаатини ҳам қолдириш имкониятига эга бўладилар.

“Омбудсман мактаби” лойиҳасининг ўзига хос жиҳати шундаки, у нафақат аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга хизмат қилади, балки чекка ҳудудлардаги фуқароларнинг мурожаатларини жойида қабул қилиш, тегишли ташкилот ва идоралар иштирокида масалаларни ҳал қилиш, шунингдек, тиббий кўриклар ташкил этиш ва эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан ҳам аҳамиятлидир.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати