Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Навоийда маҳкумлар учун маданий тадбир ўтказилди ва мониторинг ташрифи амалга оширилди
2025 йилнинг 6 сентябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили ташаббуси билан Мустақилликнинг 34 йиллиги муносабати билан 4 ва 11-сон жазони ижро этиш колонияларида маданий тадбирлар ўтказилди.

Тадбирда "Муқумий" номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри актёрлари — Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Одинахон Ғозиева, "Дўстлик" ордени соҳиби Тоҳир Раҳимов, актёр Бозорбой Холмўминов ҳамда Нигора Шержоновалар маҳкумлар билан учрашиб, саҳна кўринишлари ва маҳоратлари билан иштирокчиларда катта таассурот қолдиришди. Шунингдек, актёрлар маҳкумларни қизиқтирган саволларга ҳам жавоб беришди.

Озодликдаги инсонлар учун маданий тадбирлар оддий ва кундалик ҳаётнинг бир қисми бўлиб туюлиши мумкин. Аммо жазо ўтаётган шахслар учун бундай учрашувлар катта маънавий қийматга эга. Улар ҳар бир маданий тадбирни интиқлик билан кутишади, чунки бу — уларга эътибор қаратилгани, инсон сифатида қадрланиши ва жамият учун ҳали ҳам муҳим эканини ҳис этиш имконидир.

Бундай тадбирлар маҳкумларнинг маънавий дунёқарашини бойитибгина қолмай, уларнинг кайфиятини кўтариш, ижтимоий ҳаётга қайтиш истагини мустаҳкамлаш ва ўз ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилишга руҳлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, Омбудсман маҳкумларга нисбатан инсоний муносабат ва муносиб шароитлар таъминланганини ўрганиш мақсадида ҳам тизимли мониторинг ташрифларини амалга ошириб боради. Навбатдаги мониторинг ташрифи 8 сентябрь куни 11-сонли жазони ижро этиш колониясига ўтказилди.

Мониторинг ташрифи давомида, ушбу колонияда жазо ўтаётган маҳкумлар учун яратилган шарт-шароитлар, жумладан маҳкумларнинг яшаш, дам олиш, меҳнат қилиш, яқинлари билан узоқ ва қисқа муддатли учрашув ўтказиш, озиқ-овқат таъминоти, тиббий ёрдам олиш ҳолати ва сифати ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги ўрганилди.

Жумладан, колонияда маҳкумларнинг иш шароитлари ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилинган ҳолда меҳнатга жалб қилинганлиги ҳолати ўрганилди.

Қолаверса, мониторинг ташрифи тушлик вақтига тўғри келганлиги боис, меҳнатга жалб этилган маҳкумларнинг тушликлари ҳам кўздан кечирилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати