Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Масъулиятсизлик ортидан бузилган ҳуқуқлар: Омбудсман кўмаги билан тикланди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га хизмат вазифасига беписанд ёндошган айрим ходимлар устидан фуқаролардан мурожаатлар келиб тушди.

Фарғона туманида истиқомат қилувчи фуқаро С.Х. жазо муддатини ўтаб бўлганидан сўнг, пробация назоратидан чиқарилгани ва чет давлатларга чиқиш учун таъқиқ йўқлиги ҳақида маълумот олиш мақсадида Фарғона туман пробация бўлимига мурожаат қилган. Аммо масъул ходим унинг мурожаатини қабул қилмагани натижасида фуқаронинг Конституцияда кафолатланган мурожаат қилиш ҳамда чет давлатларга эркин чиқиш ҳуқуқлари чекланган.

Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили ҳолатни вилоят ИИБ ЖХХ пробация бошқармаси ва туман ИИБ ходимлари иштирокида ўрганди. Натижада пробация бўлими инспектори, майор Б.М.га “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди. Шу билан бирга, фуқаро С.Х.га пробация назоратидан чиқарилгани ва чет давлатларга чиқиш учун таъқиқ йўқлиги ҳақида расмий маълумот тақдим этилди.

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида фуқаро М.П. “Д” ҳисобда туришига қарамасдан, оилавий шифокори томонидан бир неча ой давомида тиббий кўрикдан ўтказилмагани ва зарур дори воситалари билан таъминланмагани ҳақида мурожаат қилган.

Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида ҳолатни ўрганди ва фуқаронинг тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини тикланишига кўмаклашди. Ҳозирда мурожаатчига бошқа масъул мутахассис бириктирилиб, керакли дори воситалари билан таъминланди.

Навоий вилояти Кармана туманида эса фуқаро Н.М. фарзанди мактабгача таълим муассасасида бўлганида қўли сингани, муассаса ходимлари эса шифохонага эмас, табибга олиб боришганини билдирган.

Мазкур мурожаат Кармана туман ИИБ томонидан қонуний тарзда кўриб чиқилиб, хизмат текшируви тайинланди. Хулосага кўра, боланинг хавфсизлигига эътиборсизлик йўл қўйган тарбиячи Г.Ж. билан меҳнат шартномаси бекор қилинди, ёрдамчи тарбиячи Ў.У.га эса “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати