Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ижтимоий тармоқларда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш механизмлари
2025 йил 11 август куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Финляндиянинг Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида “Ижтимоий тармоқларда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш механизмлари” мавзусида икки кунлик семинар бошланди.

Семинарда Латвиянинг “Марта” маркази эспертлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Девони ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этишмоқда.

Мавзунинг аҳамияти шундаки, киберзўравонлик ҳолатларини тўғри аниқлаш, жабрланувчиларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, идоралараро ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш учун Омбудсман ходимлари замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлиши зарур. Бу, ўз навбатида, аҳоли ўртасида ҳуқуқий хабардорликни ошириш ва халқаро тавсияларни амалиётга жорий этишга хизмат қилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, интернет маконида ҳар ўнинчи аёл 15 ёшидан бошлаб киберзўравонликнинг маълум бир турига дуч келади. Европа гендер тенглиги институтининг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, киберзўравонлик ҳар қандай инсонга таъсир қилиши мумкин. Аммо аёллар ва қизлар унинг асосий нишонига айланиш эҳтимоли юқори. Бундай зўравонлик уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига жиддий зарар етказиб, молиявий қийинчиликларга ҳам олиб келиши мумкин.

Семинар доирасида иштирокчилар киберзўравонликнинг турлари ва шакллари, камситишнинг интернет маконидаги кўринишлари, шунингдек, “ифода эркинлиги” билан камситувчи контент ўртасидаги фарқлар ҳақида маълумотга эга бўлишмоқда. Амалий машғулотлар орқали реал ҳаётий ҳолатлар таҳлили, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш усуллари, рақамли далиллар билан ишлаш, халқаро тажрибалар асосида киберзўравонликни эрта аниқлаш ва унинг олдини олиш воситалари ўрганилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати