2 кунлик ўрганиш давомида Пахтакор ва Дўстлик туманлари ва Жиззах шаҳар ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, 30- ва 29-сонли манзил-колониялари, Жиззах вилоят ИИБ Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхона, Жиззах “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи, Жиззах вилоят ИИБ Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази, Жиззах вилоят руҳий асаб касалликлари диспансери ҳамда Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Жиззах вилоят минтақавий филиалидаги шароитлар ўрганилди.
Шунингдек, мониторинглар давомида “Омбудсман қути”лари орқали келиб тушган мурожаатлар қабул қилинди, айрим муассасаларда сайёр қабуллар ўтказилиб, мурожаатлар эшитилди.
Мониторингда ВСҲларда сақланаётганларинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, учрашув хонаси ва бошқа шароитлари ўрганилди. Шунингдек, ҳибсхонада камераларга, канвой, кўрикдан ўтказиш, тиббиёт ва тергов хоналарига овозли видео кузатув камералар ўрнатилгани ҳамда уларнинг соз ҳолатда эканлиги ва марказга уланганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Манзил-колонияларда меҳнатга лаёқатли маҳкумларнинг ишлаш шароитлари, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиши, шунингдек узоқ ва қисқа муддатли учрашувлар ўтказиш имкониятлари кўздан кечирилди.
Жиззах “Мурувват” интернат уйи, руҳий асаб касалликлари диспансери, наркология маркази филиали ва реабилитация марказида яшовчи фуқароларнинг ижтимоий, тиббий, яшаш ва овқатланиш шароитлари таҳлил қилинди. Мониторинг давомида айрим муассасаларда аввалги ташрифлар давомида берилган тавсияларнинг ижроси таъминлангани, айримларида эса ечимини кутаётган масалалар сақланиб қолаётгани аниқланди.
Мониторинг натижалари юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилиши таъминланади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати