Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фуқаролар мурожаатлари  жойига чиқиб ўрганилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) йўлланган мурожаатлар уларга аниқлик киритиш ва қўшимча маълумотларга эга бўлиш мақсадида унинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Бундай ўрганишлар жараёнида мурожаатларда кўтарилган муаммолар бўйича тегишли ташкилот ва мутасадди шахслар иштирокида суҳбатлар ташкил этилди, ҳуқуқий тушунчалар берилди, чалкашликлар аниқланиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Жумладан, фуқаро Э.Н. 4-умумтаълим мактабида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари сифатида ишлаб келгани, бироқ маълумотлар базасида МЧЖда ишчи сифатида қайд этилиб қолганини билдириб, таътил пулини ололмаётганидан шикоят қилган эди. Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили ишчи гуруҳ тузган ҳолда масалани жойига чиқиб ўрганди ва натижада, маълумотлар базасидаги чалкашлик бартараф этилди. Натижада у лавозимига қайта тайинланиб, таътил пулларини ҳам олди.

Айрим ҳолларда эса мурожаатларда келтирилган ҳолатлар тасдиқланмаслиги ҳам кузатилмоқда. Масалан, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаронинг “тинчлигим бузилмоқда” мазмунидаги мурожаати юзасидан Омбудсманнинг Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили ҳолатни жойида ўрганди. Қўшнилар, маҳалла фаоллари билан ўтказилган суҳбатлар давомида мурожаатда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмади. Ушбу мурожаатчи аввал ҳам шу мазмунда мурожаат қилгани ва шовқин ўлчайдиган махсус ускуна орқали текширилгани ва тасдиқланмагани маълум бўлди. Мурожаатчига ҳуқуқий тушунчалар берилди.

Шунингдек, Навоий вилоятида жойлашган 4, 5 ва 11-сонли жазони ижро этиш колонияларида сақланаётган маҳкумлар томонидан йўлланган 5 та мурожаат ҳам жойига чиқиб ўрганилди. Мурожаатларда кўтарилган масалаларни тўлиқ ўрганиш мақсадида колонияларнинг тиббий ва бошқа соҳавий хизматларидан мурожаатчиларга оид шахсий маълумотлар сўраб олинди. Жамланган маълумотлар таҳлили асосида ҳар бир мурожаат юзасидан хулосалар тайёрланди ва қонунчиликда белгиланган тартиб ҳамда муддатларда мурожаатчиларга расмий жавоблар юборилди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати