Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ёпиқ муассасаларда инсон қадри: Сирдарёдаги тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи ўтказилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили 8-сонли Тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифини амалга оширди. Мониторинг доирасида қатор интеллектуал ва тарғибот тадбирлари ҳам ўтказилди. Бу эса ёпиқ муассасаларда ҳам инсон қадрини таъминлаш, вояга етмаганлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва қонунчиликка оид билимларни оширишга хизмат қилмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳибсхонада 7 нафар вояга етмаган шахс сақланмоқда. Мониторинг давомида улар учун яратилган шароитлар ўрганилди. Ёшларнинг ташқи муҳитдан узилиб қолмаслиги ва таълимдан орқада қолмаслиги учун ҳибсхона ҳудудида синфхона ташкил этилган бўлиб, барча зарур ўқув қуроллари билан жиҳозланган. Уларга Вилоят халқ таълими бўлимидан бириктирилган ўқитувчилар дарс ўтмоқда, психологлар иштирокида тарбиявий ва шахсий ривожланишга қаратилган тренинглар ҳам ташкил қилинган. Суҳбатлар чоғида 3 нафар вояга етмаган шахснинг мурожаатлари қабул қилинди.

Мониторинг ташрифида ҳибсхонада сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, сайрга чиқиш, тиббий ёрдам олиш шароитлари ўрганилди.

Шу куни жазо муддатини хўжалик ишларига бириктирилган ҳолда ўтаётган маҳкумлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Унда адабиёт, тарих, география, мантиқий фанлар бўйича савол-жавоблар ўтказилиб, ғолиблар ва фаол қатнашчилар махсус тақдирланди. Эътиборлиси, ғолиб маҳкумларнинг ота-оналарига ташаккурномалар топширилиб, муддатидан олдин учрашув ҳуқуқи берилди. Бу каби тадбирлар маҳкумларда ижобий руҳиятни шакллантиришга ва қайта ижтимоийлашувга йўналтирилган.

Шунингдек, ҳибсхонада ишловчи ходимлар учун тарғибот тадбири ўтказилиб, унда маҳкум ва маҳбусларнинг ҳуқуқлари, уларга инсоний муносабатда бўлиш, муносиб шароитларда сақлаш бўйича миллий ва халқаро ҳужжатлар нормалари билан таништирилди. Шунингдек, Омбудсман томонидан ўтказилаётган мониторинг ташрифларида қайси жиҳатларга эътибор қаратилаётгани ва муҳим йўналишлар ҳақида фикр алмашилди.

Ушбу тадбирлар доирасида Омбудсманнинг минтақавий вакили жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилди ва ҳуқуқий тушунтиришлар берди. тасдиқланди.

Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили иш кунини маҳбусдан юборилган мурожаатни Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифохонасига бориб ўрганиш билан якунлади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати