Тадбирда инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритувчи давлат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.
Семинарнинг асосий мақсади – БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий органлари тизимида миллий институтлар ва фуқаролик жамиятининг иштирокини кучайтириш, давлат ҳисобдорлигини ошириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида муқобил ҳисоботларни самарали тайёрлаш бўйича амалий кўникмаларни мустаҳкамлашдан иборат.
Очилиш маросимида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари координатори Антти Карттунен иштирок этишди.
Тренинг давомида БМТнинг Қийноқларнинг олдини олиш бўйича қуйи қўмитаси аъзоси ва халқаро эксперт Элина Стейнерте (Буюк Британия), шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мутахассис Азамат Шамбулов (Испания) иштирокчиларга интерактив усулда назарий ва амалий билимлар беришди.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, Омбудсманга Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан муқобил маъруза тайёрлаш ва тегишли халқаро ташкилотларга тақдим этиш ҳуқуқи берилган. Ушбу маърузалар фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.
Тренинг дастури доирасида БМТнинг CAT ва CERD каби шартномавий органлари билан самарали ҳамкорлик қилиш, мавжуд халқаро тавсияларни таҳлил қилиш ва далилларга асосланган муқобил ҳисобот тайёрлаш усуллари бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
Тренинг интерактив усулда ташкил этилди, иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб ишладилар, таҳлил фаолиятини кучайтиришга ва амалий таклифлар тайёрлашга қаратилган машғулотларда фаол қатнашдилар.
Семинар якунида барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати