Навбатдаги сайёр қабуллар Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Ромитан туманида ҳамда Андижон вилоятидаги минтақавий вакили томонидан энг кўп мурожаатлар юборилаётган ҳудуд – Жалақудуқ туманида ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, қабулларга тегишли давлат органлари вакиллари ҳам жалб этилиб, аҳолига уларни қийнаётган масалалар бўйича масъулларга тўғридан тўғри, шу вақтнинг ўзида мурожаат қилиш имконияти ҳам яратилди.
Сайёр қабуллар жараёнида 40 нафардан ортиқ фуқаролар ўз мурожаатларини қолдиришди. Уларда асосан иш билан таъминлаш, ижтимоий ва моддий ёрдам олиш, уй-жой, алимент, банк хизматларидан фойдаланиш, бепул юридик маслаҳат олиш каби масалалар кўтарилган.
Фуқароларнинг ҳар бир мурожаати алоҳида ўрганилиб, қонунчилик доирасида тегишли тушунтиришлар берилди ҳамда муаммоларни жойида ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўрилди. Айрим масалалар бўйича тегишли ташкилотлар ва мутасадди идораларга жойида топшириқлар берилди.
Қабулдан сўнг Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили ишчи гуруҳ билан биргаликда бир қанча фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюриб, жойларда аҳоли муаммоларини ҳам ўрганишди.
Шу каби сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини тўғридан-тўғри эшитиш, самарали ечим топиш ва шу орқали фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим ўрин тутади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати