Очиқ мулоқот 2025 йил 30 май куни Қашқадарё педагогика техникуми биносида бўлиб ўтди. Унда Косон туманининг 10 дан ортиқ маҳаллаларида, жумладан “Арабхона”, “Дўстлик”, “Нартичуқур”, “Юқори Оброн”, “Ўрта Оброн”, “Қуйи Оброн”, “Регзор”, “Бешқўтон” МФЙларида яшовчи фуқаролар қамраб олинди. Тадбирда Косон тумани аҳолисидан ташқари, мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан масъул ташкилот ва идоралар, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам иштирок этди.
Мурожаатлар таҳлили. 2024 йилда Қашқадарё вилоятидан Омбудсманга 3274 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 818 таси фақат Косон туманига тўғри келади. Бу ҳудуд сўнгги 3 йил ичида мурожаатлар сони бўйича етакчи бўлиб келмоқда. Мурожаатлар асосан меҳнат ҳуқуқлари, суд ва тергов фаолиятидан норозилик, уй-жой, алимент, коммунал хизматлар ва фирибгарлик масалаларини қамраб олган.
“Косон туманидан келаётган мурожаатлар сони кўплигини кўриб, айнан шу ернинг ўзида одамлар билан юзма-юз гаплашишни лозим топдик. Шунинг учун бугун бу мулоқотга мурожаатларда тилга олинган соҳаларга дахлдор мутахассисларни ҳам жалб қилдик. Бу фақат бир кундаги гап эмас, одамлар ўз муаммоларини кимга етказиш мумкинлигини, қаерга мурожаат қилишни аниқ билиб олиши керак. Ана шунда масалаларни ҳал этиш механизми йўлга қўйилади. Маҳаллий идоралар ҳам биз берган таҳлилдан келиб чиқиб, аҳоли ўртасида юзага келаётган муаммоларни тизимли ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олишади”, деб таъкидлади Омбудсман Феруза Эшматова.
Фуқаролар мурожаатлари — очиқ муҳокама марказида. Фуқаролар билан эркин мулоқотда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур ёндашув халқаро амалиётда “community-based legal outreach” — жамоага асосланган ҳуқуқий ечим сифатида баҳоланади ва аҳолининг ҳуқуқий имкониятларини кенгайтиришда муҳим восита саналади.
Омбудсманнинг сайёр қабули — жонли мулоқот, аниқ ечимлар.
Тадбир доирасида Омбудсман Феруза Эшматова томонидан сайёр қабул ташкил этилиб, фуқаролар мурожаатлари қабул қилинди ҳамда улар жойида тегишли ташкилотлар билан бирга кўриб чиқилди. Қабулда 40 га яқин мурожаатлар тингланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати