Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Республика бўйлаб “Омбудсман мактаби” тадбирлари ва сайёр қабуллар ўтказилмоқда
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё ҳамда Самарқанд вилоятларидан юборилган мурожаатлар ўрганилиб, ушбу ҳудудлар учун муҳим бўлган масалалар танлаб олинди ва мазкур мавзуларга бағишланган “Омбудсман мактаби” тадбирлари ўтказилди.

Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган очиқ мулоқотларда Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка ҳудуди ҳисобланган Тўрткўл туманидан “Янгиобод”, “Тўрткўл”, “Нурли йўл”, “Ғалаба, “Дўстлик”, “Шодлик” маҳаллалари, Бухоро вилояти Жондор туманидан “Тинчлик”, “Навгади”, “Дарвеши”, “Жондор”, “Пахтакор” маҳаллалари, Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги "Учқизил" маҳалласи, Самарқанд вилояти Оқдарё тумани “Навруз” маҳалласида яшовчи аҳоли ҳамда Андижон вилоятида жойлашган Ибн Сино номидаги тиббиёт билим юрти, Анидижон давлат педагогика инсититути ва Қарши шаҳридаги Турон университети талабалари иштирок этишди.

Учрашувда иштирок этган масъул идора вакиллари томонидан иштирокчиларга аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш, имтиёзли кредитлар ажратиш тартиби, таълим олиш, соғлиқни сақлаш, бандлик, уй-жой, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, кибер жиноят турлари, “Ёшлар дафтари”га киритиш қоидалари ва уларга берилаётган имтиёзлар ҳақида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Тадбирларда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда “ижтимоий карта” тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қонунларининг мазмун-моҳияти ҳам тушунтирилди.

Мазкур тадбирлар доирасида фуқаролар қабули ҳам ташкил этилиб, аҳолини қийнаётган масалалар бўйича тегишли ташкилот вакилларига бевосита мурожаат қилиш имконияти ҳам яратилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати