Мурожаат асосида Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили Фарғона вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси масъул ходимлари билан ҳамкорликда ўрганиш ишларини амалга оширди.
Ўрганиш давомида цех 2024 йил сентябридан буён фаолият юритмаётгани маълум бўлди. Илгарироқ ҳам аҳоли шикоятлари асосида мазкур цех экологик талабларга риоя қилмагани учун текширувдан ўтказилган ва раҳбариятга фақат махсус фильтр ускунаси ўрнатилгандан кейин ишни қайта бошлашга рухсат берилиши таъкидланган.
Жорий йил апрель ойида ўтказилган такрорий ўрганиш давомида цехга Хитойда ишлаб чиқарилган чанг ва газларни тутиб қолувчи замонавий фильтр ўрнатилгани аниқланди. Ускуна ҳавони зарарли моддалардан тозалаш, жумладан сулфидларни парчалаш орқали атроф-муҳитга таъсирни камайтириш вазифасини бажаради. Мутасаддилар томонидан ускунанинг техник параметрлари текширилиб, белгиланган талабларга жавоб бериши тасдиқланди.
Қайд этиш лозимки, Омбудсманга Фарғона вилоятидаги бошқа ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти юзасидан ҳам шикоятлар келиб тушмоқда. Улар орасида чанг-газ ушлаш ускуналарисиз ишлаётган цехлар ҳам мавжуд. Бу эса аҳолининг соғлом ва хавфсиз экологик муҳитда яшаш ҳуқуқини чекламоқда.
Шундан келиб чиқиб, аҳолининг экологик ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан Фарғона вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасига вилоят ҳудудидаги барча ғишт ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолиятини мониторингдан ўтказиш юзасидан Омбудсман хулосаси киритилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати