Дастлабки манзил, Навоий шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бўлди. Мониторингда ушбу муассасада сақланаётган шахсларга яратилган шарт-шароитлар, жумладан, яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, тергов ва адвокатлар хоналари ўрганилди.
Шундан сўнг, Навоий шаҳрида жойлашган 11-сон Жазони ижро этиш колониясига ташриф буюрилди. Колонияда маҳкумларга касбга ўргатиш мақсадида 14 та тўгарак ташкил этилган, тикувчилик, электрик, асаларичилик, чорва ва паррандачилик, деҳқончилик, дурадгорлик, юмшоқ мебель ясаш, инглиз тили тўгараклари шулар жумласидандир. Касб ўрганиб сертификат олган маҳкумлар 18 та цехда меҳнатга жалб қилинади. Бу уларда масъулият ҳиссини шакллантириш ҳамда озодликка чиққанидан сўнг, ижтимоийлашувига ёрдам беради. Мониторингда маҳкумларнинг меҳнат шароитларига ва озиқ-овқат таъминотига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганишлар доирасида маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, мурожаатлари қабул қилинди.
Бундан ташқари, Омбудсман ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда тор доирадаги мутахассислар жалб этилган ҳолда мазкур колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Шу каби тадбирлар вилоятдаги 4, 5 ва 12-сонли Жазони ижро этиш колонияларида ҳам ташкил этилган.
Кейинги манзил Навоий вилояти Наркология диспансери бўлиб, унда сақланаётган шахсларга яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Мониторинг давомида беморларнинг ётоқ жойлари, ошхона, спорт хоналари, тиббиёт бўлими ва дори-дармон воситаларининг сақланиш шароитлари ҳамда санитария-гигиена қоидаларига мувофиқлиги ҳолати ўрганилди.
Мониторинг ташрифлари 25 апрель куни ҳам давом этади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати