Биринчи бор, 2024 йилнинг март ойида 32 нафар тиббиёт ходими Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га мурожаат қилиб, Косон туман тиббиёт бирлашмаси лаборатория хизмати мажбурий тартибда Давлат хусусий шерикчилик асосида тадбиркорлик субъектига берилиши муносабати билан меҳнат шартномаларини ўз хоҳишлари билан бекор қилишга мажбурланаётгани ва иш ҳақи тўланмаётганидан шикоят қилишган. Мурожаат Омбудсманга йўллангандан сўнг, у назоратга олинди ва Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакил бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, вазият жойига чиққан ҳолда ўрганилган. Шундан сўнг, тиббий кенгаш йиғилиб, ходимларни ўз лавозим ва мутахассислиги сақланган ҳолда “Murod Med Star” хусусий корхонасига ишга қабул қилинишлари тушунтирилди ва муаммо ечим топди.
Бироқ, бир йил ўтиши билан, 2025 йил март ойида ушбу ходимлар яна Омбудсманга мурожаат қилдилар. Бу сафар улар иш ҳақларининг ўз вақтида тўланмаётгани, шунингдек, 2024 йил 1 октябрдан амалга киритилган Президент фармонига асосан белгиланган 15% маош қўшимчаси амалда тўланмаётгани ҳақида норозилик билдиришди.
Омбудсман мазкур мурожаатни назоратга олиб ўрганиши натижасида 2025 йилнинг 24 март куни тиббий кенгаш йиғилиши ўтказилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўрсатмаси асосида аутсорсинг хизматлари тугатилаётгани ва ходимлар вақтинча бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши маълум қилинди. Шунингдек, 2025 йил январь, февраль ва март ойлари учун иш ҳақи ва унга 15% қўшимча тўлов амалга оширилиши белгиланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати