Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Хотин-қизлар ҳуқуқи ва имкониятларини кенгайтиришга оид замонавий ёндашувлар муҳокама қилинди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га келиб тушаётган мурожаатлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган хабарлар таҳлили кўрсатмоқдаки, аёллар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ислоҳотлар изчил давом этиши долзарб аҳамиятга эга.

Айниқса, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлашга устувор вазифа сифатида қаралишига қарамасдан аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ҳали ҳам учраб турибди. Бу эса масаланинг долзарблигини янада ошириб, уни тизимли равишда ҳал қилиш заруратини келтириб чиқармоқда.

Айнан шу мақсадда, Омбудсман Феруза Эшматова мазкур масала юзасидан Гендер тенглиги бўйича эксперт Камола Алиева ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази масъул ходими Гулнора Эшонхонова билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Хотин-қизлар ҳуқуқи ва имкониятларини кенгайтириш, шу жумладан, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқларнинг олдини олишнинг замонавий тенденциялари муҳокама қилинди.

Феруза Эшматова таъкидлаганидек, “Аёлларга нисбатан зўравонлик – бу фақат шахсий муаммо эмас, балки жамиятнинг барқарорлиги ва адолатга ишончига таъсир этувчи омилдир.  Маиший зўравонликнинг олдини олишга оилалардаги маънавий, ахлоқий ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш орқали эришиш мумкин. Сунъий интеллект ва бошқа рақамли технологиялар имкониятларидан унумли фойдаланиш, медиа ва ижтимоий кампаниялар, инновацион таълим ва тарғибот дастурлари, иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш механизмлари каби замонавий лойиҳалар асосида зўравонликка қарши самарали курашишда ва хотин-қизларни ҳимоя қилишда олимлар, экспертлар ва жамоатчилик фаоллари билан ҳамкорлик қилмоқчимиз”.  

Статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда Омбудсманга келиб тушган 20 611 та мурожаатнинг 45,4 фоизи аёллар томонидан юборилган. Уларнинг 409 таси хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик, шахсий ҳаётга аралашиш, оилада аёлнинг таҳқирланиши каби ҳолатларга тегишлидир. Ушбу йўналишдаги назоратга олинган мурожаатларнинг 197 таси ёки 66,1 фоизи ижобий ҳал этилган. Жумладан, хотин-қизларнинг мурожаатлари асосида Омбудсманнинг прокуратура органларига сўровларига биноан 4 та ҳолатда зўравонларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. 8 нафар хотин-қизларга “ҳимоя ордери” берилишида кўмаклашилган.

Бундан ташқари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) аёлларни зўравонликка “йўқ” дея олишлари учун қонунчиликка киритилган янгиликларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, “Омбудсман мактаби” доирасида ўтказилаётган тадбирлар орқали хотин-қизларга ўз ҳуқуқларини билиш, зўравонликка учраганда қонуний ҳимоя воситаларидан қандай фойдаланиш мумкинлиги юзасидан уларнинг ҳуқуқий хабардорлиги оширилмоқда.

Суҳбат чоғида, фақат ҳуқуқий чоралар билан чекланиб қолмасдан, аҳоли ва ёшлар ўртасида аёлларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай шаклига ҳуқуқий саводхонликни ошириш муҳимлиги қайд этилди. Бунда таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, маҳаллалар ва бошқа жамоат институтлари билан ҳамкорликда кенг қамровли тарғибот ишлари олиб бориш муҳим экани алоҳида таъкидланди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати