Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси кўриб чиқилди
Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Омбудсман институти 2024 йилда янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини олиб бориш, соҳага оид миллий қонунчилик ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда бир қатор ишларни амалга оширган. Хусусан, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар орқали ижобий натижаларга эришилган.

Ҳисобот йилида фуқароларнинг мурожаатлари таҳлили асосида уларга қулайликлар яратиш мақсадида Оmbudsman.uz мобил иловаси ишга туширилиб, ушбу илова орқали фуқароларга мурожаатларни 24/7 режимида юбориш, мурожаат ҳолатини мониторинг қилиш, OneID орқали тез ва осон рўйхатдан ўтиш, ҳужжатларни юклаш ва уларни қабул қилиш, мурожаатларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида юбориш, онлайн маслаҳат олиш имкониятлари яратилган.

2024 йилда Омбудсман томонидан мурожаатлар асосида фуқаролар манфаатида ундирилган ҳамда ундирилиши белгиланган маблағ 4,2 млрд сўмни ташкил этди.

Бундан ташқари, 33 нафар фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари тикланган, 23 нафар фуқаро иш билан таъминланган, 12 та ҳолатда мурожаатчиларнинг пенсия ҳуқуқлари тикланишига эришилган.

Мажлисда қайд этилганидек, Омбудсман номига келиб тушган мурожаатлар таҳлили, шунингдек, ёпиқ муассасаларга қилинган мониторинглар асосида тайерланган таклиф ва тавсияларни ўз ичига олган таҳлилий маълумотномалар ваколатли ташкилот ва идораларга тизимли равишда киритиб келинган. Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ берилган янги ваколатга асосан 2024 йилда Омбудсман томонидан қонунчилик таклифи ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган ҳамда ушбу палатанинг тегишли қарори қабул қилинган.

Шунингдек, Омбудсман ишчи гуруҳ ҳамкорлигида фуқароларнинг давлат пенсиясини тайинлаш ва олиш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг бандлиги масаласида келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида Вазирлар Маҳкамасига таклиф ва мулоҳазалари билан 2 та таҳлилий маълумотнома киритган.

Шу билан бирга, Омбудсман институти томонидан бир қатор йўналишларда ўрганиш ва мониторинг тадбирлари ўтказилган. Хусусан, “Рақамли ва сунъий интеллект технологияларининг инсон ҳуқуқларига салбий таъсирининг олдини олиш” ва “Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларини бартараф этиш бўйича Конвенциясининг Факультатив баённома”си ўрганилиб, ушбу масалалар юзасидан ваколатли органларга хам таклифлар киритилган.

Омбудсман давлат органлари ва идоралари томонидан келиб тушган 87 та қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларига доир қонунчиликка риоя этилиши тўғрисида экспертиза хулосаларини тайёрлаб, улар юзасидан 309 та таклиф берган. Шу билан бирга, 35 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари юзасидан билдирилган 100 га яқин таклифлар ташаббускорлар томонидан инобатга олинган.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси бўйича тадбирлар республикамизнинг 86 та туман ва шаҳарларида ташкил этилган. Лойиҳа доирасида маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқаролар бепул тиббий кўрикдан ўтказилгани, “Ишга марҳамат” мономарказлари билан ҳамкорликда “Меҳнат ярмаркалари” ташкил этилгани қайд этилиб, унинг самарадорлигидан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда имкон даражасида барча туманларни қамраб олиш сенаторлар томонидан тавсия қилинди.

Мажлисда Омбудсманнинг қийноқ ҳолатларининг олдини олиш, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва жамоатчилик билан алоқалар йўналишидаги фаолиятлари юзасидан ҳам маълумотлар берилди.

Муҳокамалар жараёнида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида аниқланган қонунбузилишларини бартараф этиш бўйича таъсир чоралари кўрилгани, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишлари сони ошгани ҳам алоҳида қайд этилди.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан Омбудсман фаолияти юзасидан айрим таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати