Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Омбудсманнинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси кўриб чиқилди
2025 йилнинг 13 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда дастлаб, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, 2024 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 23422 та мурожаат келиб тушди. Жумладан, фуқаролардан Омбудсманнинг “10-96” қисқа рақамли ишонч телефонига ҳамда 2024 йилнинг май ойида ишга тушган ombudsman.uz мобил иловаси орқали 4748 та мурожаат келиб тушди. ombudsman.uz иловаси орқали фуқароларга мурожаатларни 24/7 юбориш, мурожаат ҳолатини мониторинг қилиш, OneID орқали тез осон рўйхатдан ўтиш, жавоб хатларини юклаш ва қабул қилиш, мурожаатларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида юбориш, онлайн маслаҳат олиш имконияти яратилди.

2024 йилда Омбудсман томонидан мурожаатларни ўрганиш натижасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари ва идораларига, мансабдор шахсларга 182 та тақдимнома, талабнома, ариза ва даъво аризалари ҳамда хулоса шаклидаги таъсир чоралари киритилган.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 2024 йилда фуқаролар манфаатида ундирилган ва ундириш белгиланган маблағлар 4,12 млрд.сўмни ташкил этди. Шундан 1,83 млрд.сўми иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига, 1,49 млрд.сўми қарздорлик, компенсация ва бошқа ҳуқуқий муносабатларга тўғри келди.

2024 йилда Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 902 маротаба (2023 йилда 603 маротаба) мониторинг ташрифлари амалга оширилган.

Мажлисда Омбудсманнинг ҳуқуқий таҳлил, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва жамоатчилик билан алоқалар йўналишидаги фаолиятлари юзасидан ҳам маълумотлар берилди.

Депутатлар Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти якунлари бўйича тақдим этган маърузасини ижобий баҳолашди.

Мажлисда кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати