Аниқланишича, колонияда 12-сон мактаб қошида маҳкумлар учун махсус синфхона ва кутубхона ташкил этилган бўлиб, у ерда умумий ўрта маълумотга эга бўлмаган маҳкумлар таълим олиш имкониятига эга. Уларнинг нафақат умумий таълим, балки касб-ҳунарлар ва хорижий тилларни ўрганишига шароитлар яратилган.
Мазкур ташриф доирасида кутубхонага 300 та турли адабиёт намуналари тақдим этилди, бу эса маҳкумларнинг маънавий ва маърифий савиясини оширишга ва бўш вақтларини самарали ўтказишга хизмат қилади.
Шунингдек, маҳкумларнинг озодликка чиққандан сўнг жамиятга қайта мослашувига ёрдам бериш ва улар ўртасида қайта жиноят содир этиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича уларга зарур кўникмалар берилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича қўшимча ташкилий чора–тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати